Хоразм вилоятида фаолият юритаётган «WBM Қўшкўпир Кластер» масъулияти чекланган жамиятида ходимларга иш ҳақи тўланмасдан қолган ҳолат аниқланди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълум қилди.
Вилоятдаги Камбғалликни қисқартириш ва бандлик бошқармасининг Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўтказилган хизмат текшируви давомида 119 нафар ишчига иш ҳақи тўланмагани маълум бўлди. Уларнинг фойдасига жами 1 млрд 310 млн сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ундириб берилди.
Ўтказилган чора-тадбирлар натижасида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланди. Мазкур ҳолат меҳнат соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга нисбатан назорат кучайтирилаётганини кўрсатади.
Республика миқёсида эса жорий йилнинг биринчи ярмида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан 10 501 нафар ходимга тегишли равишда 129 млрд 769 млн сўмлик иш ҳақи ва қонуний тўловлар ундириб берилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 161-моддасида иш ҳақини ўз вақтида тўлаш мажбурийлиги қатъий белгиланган. Агар тўлов кечиктирилса, ҳар бир кун учун пеня — қўшимча фоиз ҳисобида компенсация тўланиши шарт.