Трамп: Арманистон ва Озарбойжон сулҳ шартномасини Оқ уйда имзолайди

08.08.2025 12:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Доналд Трамп 8 август куни Алиев ва Пашинян Оқ уйда тарихий сулҳ шартномасига имзо қўйишини эълон қилди.

White house az am

АҚШ президенти Доналд Трамп Арманистон ва Озарбойжон етакчилари 8 август куни Оқ уйда тинчлик шартномасини имзолашини маълум қилди. Унинг айтишича, мазкур келишув уларнинг расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтади.

Трамп бу ҳақда Truth Social ижтимоий тармоғида ёзиб, Озарбойжон президенти Ильҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинянни қабул қилишни интиқлик билан кутаётганини билдирди. У учрашув «Тарихий тинчлик саммити» доирасида ўтадиганини таъкидлади.

«Мен Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан эртага Оқ уйда ўтадиган тарихий саммитни интизорлик билан кутмоқдаман. Бу икки давлат узоқ йиллар уруш ҳолатида бўлди ва бу минглаб инсонларнинг қурбон бўлишига олиб келди. Дунёнинг кўплаб етакчилари бу урушга нуқта қўйишга муваффақиятсиз уриниб келишди, токи «ТРАМП» буни уддаламагунича. Менинг маъмуриятим анчадан бери ҳар икки томон билан яқин алоқада.

Эртага мен, президент Илҳом Алиев ва бош вазир Никол Пашинян билан биргаликда Оқ уйда сулҳ шартномасини имзолаш бўйича расмий маросимда иштирок этамиз. Қўша Штатлар шунингдек, Жанубий Қафқаз минтақасининг салоҳиятини тўла-тўкис очиб берувчи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш тўғрисида ҳар икки давлат билан иккитомонлама келишувлар имзолайди. Мен Озарбойжон ва Арманистон халқлари учун тўғри нарсалар қилаётган бу икки жасур етакчилар билан фахрланаман. Бу Арманистон, Озарбойжон, Қўшма Штатлар ва БУТУН ДУНЁ учун тарихий кун бўлади. Кўришгунча. DJT», — деб ёзди Трамп узига тегишли микроблоглар сервисида.

Аввалроқ Илҳом Алиев ва Никол Пашиняннинг БАА пойтахти Абу-Даби шаҳрида бўлиб ўтган, воситачиларсиз тўрт соатлик якама-якка учрашуви ва унда Зенгезур йўлаги масаласи ҳам муҳокама қилингани ҳақида хабар берган эдик.