Жорий йил бошидан буён Африкада 205 мингга яқин вабо ҳолати аниқланди, ўлим даражаси эса ўртача 2,1 фоизга етди. Африка Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (Africa CDC) вакили Нгаши Нгонго маълум қилишича, ўтган йил бу кўрсаткич 1,9 фоизни ташкил этган, аммо айрим ҳудудларда маҳаллий шароит сабаб ўлим даражаси анча юқори бўлиши мумкин.
Вабо асосан тоза ичимлик суви йўқлиги ва санитария шароити ёмон бўлган жойларда тарқалмоқда. Касалликнинг асосий ўлим сабаби сувсизланиш экани қайд этилмоқда. Тиббий ёрдам ва тоза сув етарли бўлмаган ҳудудларда касаллик тез ёйилади.
БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) маълумотича, Ғарбий ва Марказий Африкада ёмғирлар мавсумида 80 мингдан ортиқ бола юқиш хавфи остида қолган. Сабаби — кучли ёмғирлар ҳожатхоналардан чиқиндиларни қудуқлар ва дарёларга олиб кетиб, ичимлик суви манбаларини ифлослайди.
Мутахассислар вабога қарши курашда тезкор санитария чоралари, тоза сув таъминотини яхшилаш ва аҳолини хабардор қилишни энг самарали йўллар сифатида кўрсатмоқда.