Алиев ва Пашинян Трамп иштирокида тўлиқ оташкесим декларациясини имзолади

08:30 | 4 дақиқада ўқилади.

Арманистон ва Озарбойжон етакчилари Оқ уйда ўтган уч томонлама учрашувда тинчлик, савдо ва ҳамкорликни йўлга қўйишга келишди.

Trump aliyev

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян АҚШ президенти Доналд Трамп иштирокида тўлиқ оташкесим ҳақида декларация имзолади. Reuters ёзишича, уч томонлама музокаралар Оқ уйда бўлиб ўтди.

Трампнинг таъкидлашича, Арманистон ва Озарбойжон энди барча ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, савдо, саёҳат ва дипломатик алоқаларни тиклаш ҳамда бир-бирининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга мажбур бўлади.

АҚШ Арманистон ва Озарбойжон билан энергетика, савдо ва юқори технологиялар соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича икки томонлама келишувлар тузади. Шу билан бирга, Вашингтон Боку билан мудофаа соҳасидаги чекловларни бекор қилади. Америкалик бизнес доиралари ҳар икки мамлакат инфратузилмасига йирик инвестициялар киритишга тайёр эканини Трамп таъкидлади.

Алиев бу ҳужжат орқали «қарама-қаршилик ва қон тўкилиш саҳифасини ёпиш» ҳамда «ёрқин ва хавфсиз келажак» сари қадам қўйиш мумкинлигини айтди. Пашинян эса келишув Жанубий Кавказда «тинчлик, фаровонлик ва иқтисодий ҳамкорлик даврини очишини» таъкидлади.

Reuters маълумотича, ҳали асосий келишмовчиликлар, жумладан, чегара демаркацияси ва Арманистон конституциясидаги 1989 йилги Қорабоғ бўйича чақириқ масаласи ҳал этилмаган.

Декларация АҚШга Жанубий Кавказ орқали транзит йўлагини ривожлантиришда эксклюзив ҳуқуқ беради. TRIPP — «Трамп маршрути халқаро тинчлик ва фаровонлик йўлида» деб номланган лойиҳа Озарбойжоннинг жануби-шарқини Нахичивон орқали Туркия билан боғлаб, Арманистоннинг Сюник вилоятидаги Мегри шаҳридан ўтади. У арман қонунчилиги асосида амалга оширилади, аммо инфратузилмани қуриш ва бошқаришда АҚШ халқаро консорциум жалб этиши мумкин бўлади. Манбаларга кўра, лойиҳа минтақага янги иқтисодий имкониятлар очиб, можаро қайта авж олиш хавфини камайтиради.