2025 йил 7 август куни Болгариянинг Созопол шаҳридаги Каваците соҳилида 22 ёшли Ўзбекистон фуқароси Ж.М. фожиали равишда ҳалок бўлди. Маълумотларга кўра, у денгизда чўкиб кетаётган украиналик қизни қутқаришга ҳаракат қилган. Бироқ кучли тўлқинлар таъсирида назоратни йўқотиб, сув остидаги йирик қоятошлар орасига қисилиб қолган.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси ва Болгариядаги фахрий консуллиги маҳаллий ҳокимият, қутқарув хизматлари ва Болгария Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда йигитнинг жасадини топиш бўйича иш олиб борди. Лекин сувдаги кучли тўлқинлар сабаб қутқарув ишлари икки кунга чўзилган.
9 август куни Болгария Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарув хизматлари марҳумнинг жасадини сув остидаги қоятошлар орасидан олиб чиқишга муваффақ бўлган.
Ҳозирда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси Болгариядаги фахрий консуллик билан биргаликда марҳумнинг жасадини Ўзбекистонга қайтариш учун зарур ташкилий ишлар билан шуғулланмоқда.
Расмийлар марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия билдирди. Воқеа Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари назоратида қолмоқда.