Деҳқонобод калий заводи тўлиқ хусусийлаштирилди, эгаси Asian Chemical Group бўлди

09:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Asian Chemical Group «Ўзкимёсаноат»дан Деҳқонобод калий заводининг 100 фоиз акциясини олди, бироқ келишув оммавий эълон қилинмади.

Dehqonobod

Ягона корпоратив маълумотлар порталига кўра, Деҳқонобод калий заводи тўлиқ хусусийлаштирилди. 8 август куни акциядорларнинг навбатдан ташқари йиғилишида заводнинг 100 фоиз акцияси Asian Chemical Group’га ўтказилиши ҳақида қарор қабул қилинди. Устав фонди 2,6 трлн сўм бўлган корхона аввал «Ўзкимёсаноат» давлат корхонасига тегишли эди.

Asian Chemical Group 2024 йил ноябрида ташкил этилган бўлиб, устав фонди 19,6 млн сўмни ташкил этади. Асосий муассиси — ОV Industrial Investments L.L.C-FZ (51%), иккинчиси — New Industrial Technologies (49 фоиз). Компания азотли аралашмалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Раҳбари сифатида Валиуллин Илгиз Азатович кўрсатилган.

ОV Industrial Investments L.L.C-FZ эҳтимолан БААнинг эркин иқтисодий зоналаридан бирида рўйхатдан ўтган. Россияда ҳам шунга ўхшаш номга эга ва «ВСМПО-Ависма» металлургия компанияси билан боғлиқ юридик шахс мавжуд. New Industrial Technologies эса 2024 йил апрелида тўлов хизмати операторы Paynet’ни 100 фоиз хусусийлаштирган.

Деҳқонобод калий заводи 2007 йил 1 майдаги президент қарори асосида қурилган. Лойиҳа қиймати 128,2 млн АҚШ доллари бўлиб, молиялаштириш манбалари — Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (61,7 млн доллар), Хитой Эксимбанки (41,7 млн доллар) ва Кимё саноати корхоналарини ривожлантириш жамғармаси (24,8 млн доллар) кредитларидан ташкил топган.

2024 йил баҳорида президент Шавкат Мирзиёев йирик давлат корхоналарини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш чораларини маъқуллаган, заводни 2024 йил IV чорагида оммавий савдога чиқариш режаси белгиланган эди.