Москва ва Қашқадарёда террорчи гуруҳ аъзолари қўлга олинди

09:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон ва Россия махсус хизматлари халқаро террористик ташкилотнинг яширин гуруҳини фош этиб, унинг фаолиятини тўхтатди.

Dxx

Россия Федерацияси Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ва Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ҳамкорлигида Москвада халқаро террористик ташкилотнинг яширин гуруҳи аниқланиб, фаолияти тўхтатилди. Таркибида 9 нафар хориж фуқароси бўлган гуруҳ Европа Иттифоқида жойлашган идеологлар кўрсатмалари асосида меҳнат муҳожирларини ёллаш билан шуғулланган.

Маълумотларга кўра, радикаллар яширин йиғилишлар ўтказиб, Telegram орқали видеоконференциялар ташкил этган. Бу учрашувларда «умумжаҳон халифати» ғояси асосида мафкуравий тайёргарлик олиб борилган ва ёлланган шахсларни террорчилик фаолиятига жалб қилиш режалаштирилган.

ФСБ маълумотига кўра, Россия ҳудудида 7 нафар гуруҳ аъзоси қўлга олинган. Улар меҳнат муҳожирларининг ишончига кириб, экстремистик ҳаракатларга мойил қилиш учун махсус дастур асосида иш юритган. Шу билан бирга, ДХХ Қашқадарё вилоятида ўтказган тадбирлар давомида яна 2 нафар аъзо ҳибсга олинди.

Қўлга олинганлар яшаш жойларини кўздан кечириш жараёнида 4 та мобил телефон, 3 дона экстремистик адабиёт, 2 та флеш-хотира ва 1 та хорижий сим-карта далилий ашё сифатида мусодара қилинди. Тергов жараёнида айбдорларнинг алоқалари ва маблағ манбалари аниқланмоқда.