Марказий банк маълумотларига кўра, ой охирида олтин котировкалари унцияси учун 3 306,2 долларга етди. Шу боис захираларнинг олтин қисми 265 млн долларга ортиб, 38,68 млрд долларга етди. Бироқ физик ҳажм 20 минг унцияга камайган, чунки ой давомида тахминан 300 минг унция олтин сотилган бўлиши мумкин.
Валюта захиралари эса 63,3 млн долларга қисқариб, 9,50 млрд долларни ташкил этди. Шу билан бирга, қимматли қоғозлар портфели сезиларли равишда ўсиб, 303,1 млн доллар қўшилиши натижасида 1,01 млрд долларга етди. Бу сўнгги йиллардаги энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.
Муттахассислар фикрича, Ўзбекистон олтин нархларининг даврий ўзгариши ва глобал бозордаги беқарорликни ҳисобга олиб, захиралар таркибини қисман диверсификация қилмоқда. Бу молиявий барқарорликни таъминлаш ва хавфларни камайтиришга қаратилган чора сифатида баҳоланмоқда.
Айтиш жоизки, август бошида олтин нархи 3 405 долларгача кўтарилди. Швейцария олтин қуймаларига Доналд Трамп божлари қўлланиши ҳақидаги хабарлар жаҳон бозоридаги барқарорликка яна таъсир кўрсатиши мумкин.