Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2024/2025 ўқув йили бошида Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабалар сони 707,3 минг нафарни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2015/2016 ўқув йилидаги 263,9 минг нафарга нисбатан 443,4 минг нафарга кўп бўлиб, 2,7 баробар ўсишни англатади.
Йиллар кесимида талабалар сони барқарор ўсиб борган. 2016/2017 ўқув йилида 267,9 минг, 2018/2019 йилда 313 минг, 2020/2021 йилда эса 441,8 минг нафар бўлган. 2023/2024 ўқув йилида бу рақам 661,8 мингга етган бўлса, жорий ўқув йилида 707,3 минг нафарга чиқди.
Хорижлик талабалар сони ҳам сўнгги ўн йилда кескин ошди. 2015/2016 ўқув йилида 0,7 минг нафар бўлган бу кўрсаткич 2024/2025 ўқув йили бошига 12,5 минг нафарга етди. Бу қарийб 18 баробар ўсиш демакдир.
Йиллар давомида хорижлик талабалар сони 2018/2019 йилда 2,7 минг, 2020/2021 йилда 4,2 минг, 2023/2024 йилда эса 10,8 минг нафарга етган. Жорий ўқув йилида энг кўп хорижлик талабалар Ҳиндистон фуқаролари ҳисобланади.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, талабалар сонининг ортиши олий таълим тизимидаги ислоҳотлар, қабул имкониятларининг кенгайиши ва халқаро ҳамкорлик ривожи билан боғлиқ.