8 август куни президент Шавкат Мирзиёевга Тошкент энергетика тизимини барқарорлаштириш чоралари ҳақида маълумот берилди. Сўнгги икки йилда 2,8 трлн сўм сарфланиб, 36 нимстанция, 665 трансформатор ва 2 минг километрдан ортиқ тармоқлар янгиланди.
Шу билан бирга, ҳозирда 46 нимстанция ва 207 трансформатор орттиқча юкламада ишламоқда. Йил бошидан пойтахтда 40 минг янги истеъмолчи қўшилди, электр энергиясига талаб 6 фоизга ошди. Июль ойида иссиқ ҳаво 20 кун давом этиб, истеъмол 900 млн kWhдан ошди.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳар бир туман ва маҳалла кесимида янгиланиш режасини тақдим этди. Жорий йил охиригача 374 км тармоқ, 11 подстанция ва 62 трансформатор янгиланади. 2026 йилда эса 788 км тармоқ, 35 нимстанция ва 145 трансформатор модернизация қилинади. Маҳаллаларда трансформатор ва тармоқлар алмаштирилади.
Президент куз-қиш мавсумига тайёргарликни кучайтириш, режадаги ишлар 1 ноябргача якунланишини таъминлаш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, сўнгги йилларда электр ишлаб чиқариш қувватлари ортиб, саноат корхоналарини қайта тикланадиган манбаларга ўтказиш ишлари давом этмоқда. 2027 йилгача йирик корхоналар ва туризм объектларида 752 MW қуёш станциялари ва 812 MW энергия сақлаш тизимлари ўрнатилиши режалаштирилган.
Давлат раҳбари кичик АЭС қурилиши АЭХА назоратида, хавфсизлик талабларига мувофиқ олиб борилишини ҳам қайд этди. Вақт ва сифат талабларига риоя этиб, барқарор энергетик қувватлар яратиш топширилди.