Абдураҳмон Абдуназаров 72 ёшида вафот этди

14:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли театр режиссёри ва педагог Абдураҳмон Абдуназаров ҳаётдан кўз юмди.

Abdurahmon

Бу ҳақда Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси маълум қилди. 1954 йил 10 март куни Андижон вилояти Хўжаобод туманида туғилган Абдуназаров турли йилларда Андижон ва Қашқадарё вилоят мусиқали театрлари, шунингдек, бошқа вилоятлар ҳамда қўшни мамлакатлар саҳналарда ижод қилган. У 1988 йили Қарши шаҳрида «Мулоқот» театр-студиясини ташкил этиб, унда ва бошқа театрал жамоаларда сермаҳсул фаолият олиб борган.

Унинг «Темир хотин», «Жононга бордим бир кеча», «Заҳарли ҳаёт ёхуд ишқ қурбонлари», «Майли, сайланг», «Бахтиёрни уйлантирамиз», «Гуля + Эрик», «Бой ила…», «Момо ер» каби ўнлаб спектакллари ўзбек театр санъатида муҳим ўрин тутади. Режиссёрлик маҳорати ва новаторлик услуби халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган.

Абдуназаров мустақил ижодий студиялар ривожига катта ҳисса қўшган ва охирги йилларда Андижон вилояти санъат коллежида педагог сифатида ишлаб, кўплаб шогирдлар тайёрлаган.

Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси уни самимий ва камтарин инсон, катта санъаткор сифатида ёдга олди ҳамда марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди.