Шубҳасиз, ҳафтанинг энг муҳим воқеаси «Sea Breeze Uzbekistan» бўйича ҳукумат қарори бўлди. 1 август куни имзоланган ҳужжатда Жамоатчилик орасида катта муҳокамаларни келтириб чиқарган лойиҳани амалга ошириш шартлари белгиланди
Қарорга кўра, Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳудудидаги 577 га ер майдонида қиймати 5 млрд АҚШ долларини ташкил этадиган умуммавсумий курорт мажмуасини барпо этиш бўйича йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш юзасидан Озарбойжоннинг «Agalarov Development» МЧЖ иштирокида «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖ қўшма корхонасининг таклифлари энг яхши таклиф сифатида танлаб олинган. Қизиғи, ҳукумат қарори 1 август куни эълон қилинган бўлса, Қўшма корхона 4 август куни давлат рўйхатидан ўтгани маълум бўлди.
Ҳукумат қарорида «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖ ҚКга лойиҳани амалга ошириш бўйича бир қатор ҳуқуқ ва вазифалар ҳам белгиланган.
Жумладан, лойиҳа қурилишида Чорвоқ сув омборига бир томчи ҳам оқова сув туширилмаслиги шарт этиб белгиланди. Қурилиш ва ва лойиҳа ишга тушгандан кейин чиқинди ҳамда оқова сувларни Чирчиқ шаҳри оқова сувларни тозалаш иншоотига йўналтириш чораларини кўриш «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖнинг асосий мажбуриятларидан бири этиб белгиланади. Бунда ушбу талабга риоя этмаслик лойиҳани тўхтатишга ва ерга бўлган ижрага ҳуқуқининг бекор қилинишига асос бўлади.
Лойиҳани амалга оширишда бузиладиган ҳар қандай хусусий мулк объектлари, шу жумладан, дала ҳовлилар ва мулкчиликнинг бошқа шакллари компенсацияланади.
Яшил майдонлар экологик ва эстетик қиймати даражасига кўра таснифланади ва энг муҳим намуналарга нисбатан кесиш эмас, балки кўчириб ўтказиш чоралари кўрилади.
«Sea Breeze Uzbekistan» Чорвоқ туристик зонаси иштирокчиси сифатида эркин иқтисодий зона мақомини олди. Бу унга Ўзбекистондаги махсус иқтисодий зоналар тўғрисидаги қонунларга мувофиқ барча солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланиш ҳуқуқини беради.
Лойиҳа амалга оширилиши давомида «Sea Breeze Uzbekistan» четдан олиб кириладиган ускуналар ва қурилиш материаллари учун қўшимча харажат қилмайди. Бу эса Чорвоқ ҳудудида йирик туристик инфратузилма қурилишини тезлаштириши ва сармоя миқдорини сезиларли даражада қисқартириши кутилмоқда.
Тонировка арзонлашдими ёки янги тўлов билан қимматлашдими?
Янги қарорга кўра, ёз ойларида автоойна қорайтиришга имтиёзлар берилди. Аммо шундай шароитда — ортиқча тўлов ва тушунмовчиликлар ҳам пайдо бўлди. Янгилик нимада ва нима ўзгарди — ҳозир кўриб чиқамиз.
Вазирлар Маҳкамаси қарорларига асосланган янги тартибга кўра, энди Ўзбекистонда ҳар йили 1 майдан 31 августгача M1 тоифасига кирувчи автотранспорт воситалари (булар ўриндиқлар сони 8 тадан ошмайдиган енгил автомобиллар) учун ёз ойларида орқа ва олд ён ойна шишаларини қорайтиришга енгилликлар берилади.
Ёз ойларида тонировка қилиш учун жисмоний ва юридик шахслардан 1 БҲМ — яъни 412 минг сўм тўлов ундирилади. Тўлов рухсатнома расмийлаштирилган санага боғлиқ бўлмайди, тўрт ой учун тўлиқ бир мартада амалга оширилади.
Бу мудатдан бошқа вақтларда қуйидагича нарх амал қилади:
- Орқа ён ойналар ва орқа ойна — бепул
- Олд эшиклар ойналари — базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 баробари, яъни 3 млн 296 минг сўм.
Буни ҳамма олд эшик ойналарини тонировка қилиш арзон бўлди, деб тушунмоқда. Аслида эса, енгил мошинанинг орқа эшиги ойналарини тонировка қилиш шу пайтгача йил бўйи текин эди. Энди ёзнинг жазирамасида 4 ой учун 412 минг сўм тўланади. Бонусига шу муддат ичида олд эшик ойналарини ҳам қорайтиришга рухсат берилади.
Алишер Қодиров: «Яланғочликни дунёвийлик деб қабул қилдик, энди ёпиниб юриш ҳуқуқига дахл қилмасликни ҳам ўрганайлик»
7 август куни «Бунёдкор» стадионида жаҳон юлдузи Женнифер Лопснинг концерти бўлиб ўтди. «Миллий тикланиш» демократик партияси раиси жаҳон юлдузи Женнифер Лопеснинг Тошкентдаги концерти ва мамлакатда диний бағрикенглик масалалари ҳақида фикрларини билдирди. Партия раиси ўз телеграм каналида улашган постида Ўзбекистоннинг дунёвий давлат эканини таъкидлаб, «Дунёвий давлат кўпчилик сайлаган Парламент томонидан қабул қилиниб, кўпчилик сайлаган Президент томонидан мақулланган қонунларни бузмаган ҳолда, ўзи истаганидек яшаш имконини беришини таъкидлади.
Қодировнинг ёзишича, Женифер Лопеснинг концерти сердаромад иш ва ёпиқ тадбир, наркотика тарқатиб, давлатга қарши тарғибот қилмаса, ўтказилади, танасини кўрсатиш уни танлови, кўриш эса тадбирга билет олганларники, дунёвийлик шу.
Шунингдек, у ўраниб юрмоқчи бўлган аёл ватандошни ҳам танлови қонун билан ҳимоя қилиниши кераклигини таъкидлади.
«Ялонғоч намойишини дунёвийлик деб қабул қилдик, энди ёпиниб юриш ҳуқуқига ҳам дахл қилмаслик кераклигини қабул қилайлик. Лопесга қандай кийинишни ўргатмаганимиздек, эътиқодли аёлларимизга рўмолни қандай ўрашни ўргатишни, қолаверса, шу ёшга келиб эътиқоди талабига риоя қилган аёлларни паспортга рўмолини ечиб тушишга мажбурлашни ҳам тўхтатиш керак. Идентификация талаблари юзни очиқ бўлишини тақозо қилади, сочни эмас. Лопесга кўрсатган бағрикенглигимизни диндор аёлларимизга ҳам кўрсатайлик. – деб ёзди Алишер Қодиров.
Ўқитувчилар «ремонт»га жалб қилинди
Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 42-мактабда меҳнат таътилидаги ўқитувчилар девор оқлаш ва таъмирлаш ишларига жалб этилгани видеоси тарқалди. Бошқармага кўра, мактаб жамоаси ишларни ихтиёрий қилганини айтган, аммо директор З.М. бу ҳолатни назорат қилмагани учун ишдан олинди.
Давлат меҳнат инспекцияси ўрганиш олиб бориб, ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб қилинганини тасдиқлади. Директорга 41,2 миллион сўм миқдорида жарима тайинланди.
Кейинроқ Самарқанд шаҳридаги 24-мактбадга ҳам аёл ўқитувчилар таътил чоғида мактаб таъмирига жалб этилгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Демак, маомма ҳамон тизимли тус олган.
Янги чеклов: Айрим мигрантларнинг Россияга кириши умрбодга тақиқланиши мумкин
Россия Давлат думасидаги «Адолатли Россия – Ҳақиқат учун» фракцияси депутатлари оғир жиноятлар бўйича судланган мигрантларга Россияга киришни умрбодга тақиқловчи қонун лойиҳасини парламентга тақдим этди.
Партия матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур қонун лойиҳаси Давлат думаси кўриб чиқиши учун 4 август куни киритилган.
Лойиҳада оғир жиноят содир этган хорижликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга, судланганлик ҳолати тугатилган бўлса ҳам, Россияга умрбод кириш тақиқланиши кўзда тутилган. Қоидалар жиноят қаерда содир этилганига боғлиқ бўлмайди.
Таклиф этилган чоралар қабул қилинса, мигрантлар орасидаги потенциал жиноятчиларнинг мамлакатга киришига мутлақо йўл қўйилмайди.
Рекорд натижа: Ота ўз хоҳиши билан 2,2 млрд сўм алиментни олдиндан тўлади
Нукус шаҳрида яшовчи ота фарзандининг 18 ёшгача бўлган алиментини бир йўла олдиндан тўлаб берди. Фуқаролик ишлари бўйича суд қарорига кўра, фуқаро собиқ турмуш ўртоғига фарзанди таъминоти учун алимент тўлаши керак эди. У Мажбурий ижро бюросига мурожаат қилиб, келгуси 13 йил учун белгиланган 2 миллиард 270 миллион сўмлик алиментни бирданига тўлаш истагини билдирган.
Ўзбекистон ҳукумати қарорига мувофиқ, бундай тўловлар олдиндан амалга оширилиши мумкин. Аёл эса бюрога келиб, ушбу тўловни олганини тасдиқлаган. Бу — МИБ тарихидаги энг йирик алимент тўлови бўлиб қолмоқда.
Маълумот учун, 2023 йилда 5697 киши, 2024 йилда эса 8833 киши алимент тўлашдан бўйин товлагани учун маъмурий жавобгарликка тортилган. 2024 йилда судлар томонидан 1109 та айблов ҳукми чиқарилган.
Кўкдалада газ шохобчасида портлаш қурбонлари сони ортди
16 июл куни Қашқадарё вилояти, Кўкдала туманида газ шохобчасида содир бўлган портлашда 10-синф ўқувчиси Дилноза жароҳат олиб, 20 июлгача комада бўлган ва вафот этган. Шу билан ҳалок бўлганлар сони 6 нафарга етган.
Дарё.узнинг журналистик суриштирувда маьлум бўлишича, портлаш содир бўлган пайтдаёқ қурбонлар сони беш нафарни ташкил этгани ҳақида маҳаллий аҳоли гувоҳлик берган. Улар расмийлар томонидан эълон қилинган тўрт нафар ҳалок бўлган, деган баёнотни «ёлғон» деб атаган.
Расмийлар эса бу ўлимни бешинчи қурбон сифатида қайд этмоқда. Фожеа бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ҳалок бўлганларнинг оилаларига 100 млн сўмдан, жароҳатланганларга 50 млн сўмдан ёрдам берилди.
Чилонзорни яланғоч кезган фуқаро
7 август куни Чилонзор туманида 2006 йилда туғилган фуқаро маст ҳолда яланғоч 19-мавзеда ҳаракатланган. Бу ҳолат атрофдагиларнинг эътирозига сабаб бўлди.
Ички ишлар маълумотига кўра, у кўп қаватли уй олдида ухлаб ётган пайтда профилактика инспектори томонидан аниқланган. Унга нисбатан “майда безорилик” моддаси бўйича маъмурий баённома тузилди ва ҳужжатлар туман судига юборилди.
Видеони Youtubeʼда томоша қилинг:
👉https://youtu.be/VYtP9f70XL4