2025 йил 4 август куни Президент Шавкат Мирзиёев «Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни (ПФ–126-сон) имзолади. Ҳужжат меҳнат бозоридаги ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва кадрлар тайёрлаш тизимини самарали ташкил этишни назарда тутади.
Фармонга мувофиқ, ходим ва иш берувчи ўртасида самарали, адолатли ва ўзаро манфаатли муносабатлар тизимини яратиш, иш берувчиларни малакали кадрлар билан таъминлаш механизми жорий этилади. 2025 йил 1 сентябрдан икки асосий талаб: бандлик органлари йўллаган номзодни ишга қабул қилмаганлик учун маъмурий жавобгарлик ва бўш иш ўринлари ҳақида мажбурий ҳисобот тақдим этиш бекор қилинади.
Шу билан бирга, ходимлари 50 нафаргача бўлган хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларидаги корхоналарга Ягона миллий меҳнат тизими (ЯММТ)да биометрик идентификация (Face-ID) орқали электрон меҳнат шартномалари тузиш ва бекор қилиш имконияти берилади.
Давлат меҳнат инспекторлари ўтказадиган текширувлар ҳақида олдиндан хабардор қилиш тартиби бекор қилиниб, «Хавфни таҳлил этиш» тизими орқали аниқланган ҳолатлар бўйича текширувлар хабардорсиз амалга оширилади.
2026 йил 1 январдан ЯММТ орқали меҳнат қонунчилиги бузилишларини иш берувчи иштирокисиз кўриб чиқиш ва электрон маъмурий қарор қабул қилиш тизими ишга туширилади. Ушбу ўзгаришлар меҳнат муносабатларида шаффофлик ва тезкорликни таъминлашга қаратилган.