Шаҳар Экология бошқармаси ахборотига кўра, мазкур қарор кўплаб дарахтлар йиқилиши оқибатида мулкка етган зарар ҳолатлари ортиши туфайли қабул қилинган. 2022 йил 22 августдаги Вазирлар Маҳкамасининг 464-сон қарорига асосан зарарланган, касал ёки ҳашаротлар юққан яшил ҳудудларда инвентаризация ўтказилмоқда.
Мутасаддилар таъкидлашича, бу жараёнда барча экологик меъёрлар қатъий сақланади. Ҳар бир дарахтнинг ҳолати ўрганилиб, фақат аҳоли хавфсизлиги ёки атроф-муҳитга зарар етказиши мумкин бўлган ҳоллардагина кесишга рухсат берилади.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, 2022 йил 22 февралдаги 86-сон қарор ҳамда «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 37-моддасига кўра, дарахтларни кесиш фақат махсус рухсатнома асосида амалга оширилади.
Экология бошқармаси аҳолини уй ёки муассаса ҳудудида хавфли дарахтлар мавжуд бўлса, бу ҳақда тегишли идораларга хабар беришга чақирди. Мақсад — шаҳар яшил ҳудудларини соғломлаштириш ва хавфсиз муҳит яратиш.