10 август куни АҚШ штати Аляскада Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Доналд Трамп саммит ўтказади. Бу Путиннинг 2007 йилдан бери АҚШга биринчи сафари бўлади. Россияда учрашув ўтказилишига ижобий муносабат билдирилган, аммо Украина бўйича бирор йўл қўйиш режаси йўқ, деб ёзади The Washington Post.
Россиянинг махсус иқтисодий вакили Кирилл Дмитриев саммит жойини рамзий деб атади. У Аляскани «Рус Америкаси» деб ёдга олиб, унинг тарихий боғлиқликлари ва арктик аҳамиятини таъкидлади.
Таҳлилчилар Кремлнинг Украина бўйича мақсадлари — мамлакатни демилитаризация қилиш ва НАТО таъсир доирасидан чиқариш ҳамон ўзгармаганини айтишмоқда. Карнеги маркази таҳлилчиси Татяна Становая Трамп Россия билан тўқнашувдан қочишини ва яқинда ултиматуми тугашидан олдин янги уриниш қилганини қайд этди.
Номини ошкор этмаган собиқ Кремл мансабдори Москва фақат вақтинча оташкесимни кўриб чиқиши мумкинлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, сиёсий жиҳатдан Кремл учун Украина тўлиқ маҳв бўлгунча урушни давом эттириш осонроқ.
Учрашув жойи Ғарбда ҳам танқидга учради. АҚШнинг собиқ элчиси Майкл Макфол Аляскани «Россия империал тарихи»нинг бир қисми сифатида таърифлаб, рус миллатчилари унинг йўқотилишини Украина каби «тарихий адолатсизлик» деб билади, деди. Лондон Қироллик коллежи профессори Сэм Грин эса Аляскани танлаш саммитнинг чегараларни ўзгартириш ва ерни сотиб-олиш мумкинлигини кўрсатиш каби салбий рамзий маъно бериши ҳақида огоҳлантирди.
Трамп илгари Путинни бир неча бор мақтаган, аммо охирги ҳафталарда Кремлнинг тўлиқ оташкесимга рози бўлмаслигидан норозилик билдирган. Москва таҳлилчиларига кўра, саммит ташаббуси Трампдан чиққан, бу унинг маълум бир муомалага очиқлигидан далолат бериши мумкин.