Дин ишлари бўйича қўмита 8 августда қабул қилган қарорга кўра, тадбирлар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, лицензиясиз хизмат кўрсатиш ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган.
«Сирли мижоз» қонунийлик, холислик ва адолат принципларига асосан қўмита масъул ходимлари томонидан амалга оширилади. У текширув ёки тадбиркорлик фаолиятига аралашиш ҳисобланмайди ва «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олинмайди. Тадбир қўмита ташаббуси билан мурожаатлар, давлат органлари маълумотлари, ОАВ ва ижтимоий тармоқлар ёки «Хавфни таҳлил қилиш» тизими орқали олинган маълумотлар асосида ташкил этилади.
Назорат жараёнида масъул ходим гумон қилинган шахс олдига мижоз сифатида бориб, хизмат лицензияси, шартлари, муддати, нархи ва тўлов тартиби ҳақида маълумот тўплайди. Зарур ҳолларда яширин диктофон ёки видеокузатув воситалари қўлланилиши мумкин.
Тадбир якунлари бўйича далолатнома тузилади ва беш иш куни ичида кўриб чиқилади. Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тасдиқланса, қонунчиликка мувофиқ текширув ўтказиш ёки материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юбориш таклифи тайёрланади.