The New York Times ёзишича, Европа мамлакатлари раҳбарлари АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин Украина можаросини ҳал қилиш бўйича ЕИ иштирокисиз келишувга келишидан чуқур хавотирда. Евроиттифоқ расмийлари Трампни Украина ҳам музокаралар столида бўлиши шартлигига ишонтиришга ҳаракат қилмоқда. Шунингдек, улар ўзлари ҳам жараёнда иштирок этишни исташмоқда, аммо бу эҳтимол паст баҳоланмоқда.
Франция президенти Эммануэл Макрон Володимир Зеленский, Германия канцлери Фридерих Мерц ва Британия бош вазири Кийр Стармер билан суҳбат ўтказганини маълум қилди. У Украина келажаги унинг ўзи иштирокисиз ҳал қилинмаслиги лозимлигини таъкидлаб, мамлакатлар Украинага ёрдамни бирлашган ҳолда ва «Кўнгиллилар коалицияси» доирасида давом эттиришини билдирди.
The Wall Street Journal нашри маълумотига кўра, ЕИ ва Украина Трамп–Путин учрашуви олдидан умумий таклиф тақдим этди. Бу режа Россия президенти Владимир Путиннинг оташкесим ҳақидаги таклифидан фарқ қилади. Чунки Москва катта ҳудудий имтиёзлар талаб қилмоқда, бу талаб Киев ва Брюссел учун қабул қилиб бўлмаган даражада.
Янги таклифга кўра, ҳар қандай «ҳудудий алмашинув» фақат ўзаро асосда амалга оширилиши мумкин. Яъни, агар Украина айрим ҳудудлардан қўшинларини чиқарса, Россия ҳам бошқа ҳудудлардан чиқиши шарт. Киев ва Брюссел бундай ёндашув тинчлик жараёнини адолатли сақлаш ва Украина суверенитетини ҳимоя қилиш учун муҳим деб ҳисобламоқда.