АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия раҳбари Владимир Путин учрашуви арафасида Европа етакчилари қўшма баёнот эълон қилди. Унга Франция ва Финландия президентлари, Полша, Буюк Британия, Италия бош вазирлари, Германия канцлери ҳамда Европа комиссияси раиси имзо чекди.
Баёнотда Европа давлатлари Вашингтоннинг Украинада «адолатли ва барқарор тинчлик» ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатларини олқишлади. Улар фаол дипломатияни, Киевни қўллаб-қувватлашни ва Россияга босимни уйғунлаштириш зарурлигини таъкидлади.
«Биз бу ишларга дипломатик жиҳатдан ҳам, Украинага сезиларли ҳарбий ва молиявий ёрдамни сақлаб қолиш орқали ҳам ёрдам беришга тайёрмиз. Шунингдек, Россияга қарши чеклов чораларини давом эттирамиз», — дейилади матнда.
Европа етакчилари музокаралар Украина ва бутун қитъа хавфсизлиги манфаатларини ҳисобга олиши, жумладан, Киевга ишончли хавфсизлик кафолатлари берилиши шартлигини билдирди. Украина ўз тақдирини мустақил белгилаш ҳуқуқига эга экани урғуланди.
«Халқаро чегаралар куч билан ўзгартирилмаслиги керак. Ҳозирги тўқнашув чизиғи музокаралар учун бошланғич нуқта бўлиши мумкин», — дейилади ҳужжатда. Шунингдек, музокаралар фақат ўт очиш тўхтатилганда ёки жанглар сезиларли камайганда бошланиши мумкинлиги қайд этилди.
Украина президенти Володимир Зеленский Telegram орқали Европа етакчиларига миннатдорлик билдирди. «Украина бу сўзларни қадрлайди ва тўлиқ қўллаб-қувватлайди», — деди у, уруш тугаши «адолатли» бўлиши зарурлигини таъкидлаб.