Европа янги дизайндаги евро банкнотларини жорий қилади

13:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Европа Марказий банки евро банкнотларини маданият ва табиат мавзулари асосида янгилаш, хавфсизлик ва замонавийликни ошириш режасини эълон қилди.

Euro banknotes

Европа Марказий банки (ЕМБ) евро банкнотлари тўлиқ янгиланишини маълум қилди. Янги серия икки асосий мавзу:  «Европа маданияти» ва «Дарёлар ва қушлар» тематикасида ишланади. «Маданият» мавзусида архитектура иншоотлари билан бирга опера, фан, адабиёт ва ҳунармандчиликда из қолдирган тарихий шахслар тасвирланади. «Дарёлар ва қушлар» мавзусида эса қитъанинг табиий бойликлари ва барқарорлиги акс эттирилади. Банкнотларнинг орқа қисмида Европа институциялари кўрсатилиб, ушбу қадриятларни асрашга урғу берилади.

Ташқи кўринишни ишлаб чиқиш жараёнига фақат бюрократлар эмас, балки турли мамлакатлардан мутахассислар ва аҳоли ҳам жалб қилинди. Еврозонадан икки маслаҳат гуруҳи таклифлар берди, 365 мингга яқин фуқаро ўз фикрини билдирди. Шунингдек, 15 июл–18 август кунлари орасида график дизайнерлар учун очиқ танлов бошланди. Ғолиб дизайнлар 2026 йилда оммага тақдим этилади.

ЕМБнинг маълум қилишича, янги евро банкнотлар айланмага кириши учун бир неча йил керак бўлади. Улар замонавий, рангдор ва қалбакилаштиришга қарши юқори даражада ҳимояланган бўлади.

Унгача мавжуд банкноталар айланмаси давом этади, яъни янги серия чиқиши билан узоқ муддат давомида бирга муомалада бўлади. Эски сериялар фақат захиралар тугагандан кейин босқичма-босқич чиқариб ташланади. Агар уларни муомаладан олиш санаси белгиланса, бу ҳақда олдиндан хабар берилади. ЕМБ бу жараён бозор ва аҳоли учун босқичма-босқич ва осон ўтишига кафолат бермоқда.