Euronews Businessʼнинг ёзишича, Европа мамлакатларида оилаларга ижтимоий ёрдам миқдори катта фарқ қилади. Евростат маълумотларига кўра, 2022 йилда ЕИ мамлакатлари бир нафарга ўртача 830 евро сарфлаган — бу 2012 йилдаги 566 евро кўрсаткичидан 47 фоизга кўп.
Люксембург оилаларга ёрдам бўйича мутлақ етакчи бўлиб, ҳар бир шахсга 3789 евро сарфлаган. Ундан кейин Норвегия (2277 евро), Дания (1878 евро), Исландия (1874 евро), Швеция (1449 евро ) ва Финляндия (1440 евро) келади. Профессор Анн Дагернинг таъкидлашича, Скандинавия давлатлари ва Францияда кўп миқдордаги ёрдам бевосита хизматлар орқали (масалан, болалар парвариши) кўрсатилади, шу боис пул кўрсаткичларига тўлиқ акс этмаслиги мумкин.
Германия (1616 евро), Швейцария (1375 евро), Австрия (1340 евро) ва Ирландия (1026 евро) ҳам бир нафарга 1000 евродан ортиқ маблағ ажратади. Белгия (976 евро) ва Франция (867 евро) ЕИ ўртача кўрсаткичидан юқори, аммо минг евро чегарасидан паст.
Нидерландияда бу кўрсаткич 670 евро бўлиб, ЕИ ўртачасидан 160 еврога паст. Италия (524 евро) ва Испания (427 евро) эса анча орқада. Энг паст натижа Болгарияда — атиги 211 евро.
Умуман, оилаларга ёрдам бўйича энг юқори кўрсаткичлар Шимолий ва Ғарбий Европада, энг пастлари эса Жанубий ва Шарқий Европада кузатилмоқда.