Зеленский: Украина ҳеч қачон ҳудудий бўлинишга рози бўлмайди

10:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Киев Донецкдан чиқишни Херсон ва Запорижжядан Россия қўшинлари тўлиқ чиқишига боғлаши мумкин, аммо Зеленский бу талабларини қатъий ҳимоя қилмоқда.

зеленский

The Wall Street Journal ёзишича, Украина Донецк областидан чиқиш имкониятини муҳокама қилишга тайёр, аммо бунга жавобан Россия қўшинлари Херсон ва Запорижжя областларидан тўлиқ тарк этиши шарт. Бу эҳтимолий «ўзаро алмашинув» халқаро музокаралар доирасида кўриб чиқилмоқда.

Украина президенти Володимир Зеленский Россиянинг Украина ҳудудларини бўлиш ҳақидаги истакларини кескин рад этди. «Бу истаклар шунчаки истак бўлиб қолади, то украинлар елкама-елка туришда давом этса», — деди у.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россия Қрим, Донецк, Луҳанск, Запорижжя ва Херсон устидан назоратни қонунийлаштиришни хоҳламоқда, аммо Украина ҳеч қачон бунга йўл қўймайди.

Украина раҳбари АҚШ билан алоқалар турли даражада қарийб суткабўйи давом этаётгани, аммо барча тафсилотлар ошкор этилмаслигини қайд этди.

The Economist манбаларига кўра, Путин 15 августда Аляскада бўлиб ўтадиган Трамп билан учрашув олдидан ҳаво ва денгизда чекланган оташкесим таклиф қилган. Нашрнинг таъкидлашича, музокараларда кенг қамровли келишув ҳам муҳокама қилиниши мумкин — у можарони музлатишнинг умумий йўналишларини белгилаши эҳтимолдан холи эмас.