Ўзбекистон Президентининг аҳолини арзон ва сифатли ёқилғи билан таъминлаш бўйича топшириғи ижроси доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ёқилғи бозори барқарорлигини таъминлаш ва юқори сифатли бензин ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ишлари амалга оширилмоқда.
Ишлаб чиқариш жараёнлари оптималлаштирилиб, таннархни камайтириш бўйича комплекс чоралар кўрилди. Шунинг натижасида Бухоро НҚИЗда ишлаб чиқарилган AI-92 бензинининг биржа савдоларидаги 1 тоннаси бошланғич нархи биринчи босқичда 12 млн 881 минг сўмдан 12 млн 628 минг сўмга тушди. Бу эса бир литр нархининг 9 400 сўмга тенг эканини англатади.
Компания маълумотларига кўра, нархнинг туширилиши нафақат истеъмолчилар учун қулайлик яратади, балки бутун бозорда ижобий таъсир кўрсатади. Бензин ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши ва нархнинг пасайиши ички бозорда рақобатни кучайтиради.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ келгусида ҳам юқори октанли ёқилғи турларининг нархини босқичма-босқич пасайтириш ва ички бозорни ривожлантириш сиёсатини давом эттиришини маълум қилди.