Алиев Украинага 2 млн долларлик ёрдам ажратди

17:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Бу пулларга Украинага Озарбойжонда ишлаб чиқарилган электр ускуналари етказиб берилади.

Aliyev zelenskiiy

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Энергетика вазирлигига Украинага ҳуманитар ёрдам кўрсатиш мақсадида 2 млн доллар ажратиш ҳақида фармойиш имзолади. Президент матбуот хизматига кўра, маблағлар Озарбайжонда ишлаб чиқарилган электр ускуналарини сотиб олиш ва Украинага жўнатишга йўналтирилади.

Бу қарор 10 август куни Алиев ва Украина президенти Володимир Зеленскийнинг қўшма баёнотидан сўнг қабул қилинди. Унда томонлар Озарбайжоннинг Украинадаги SOCAR нефт омборига ва озарбайжон газини етказиб берувчи компрессор станциясига қилинган «Россия ҳужумлари»ни қоралади.

Боку ва Киев бу ҳужумлар энергетика соҳасидаги ҳамкорликка таъсир кўрсатмаслигини таъкидлади. Caliber.az ёзишича, 8 августга ўтар кечаси Одессадаги SOCAR нефт базасига зарба берилган. Россия Мудофаа вазирлиги эса 2–8 август кунлари Украинадаги «газ-транспорт тизими объектлари»га зарбалар берилганини, улар фақат ҳарбий ва энергетик инфратузилмаларга қаратилганини маълум қилди.

Айрим таҳлилчилар бу воқеаларни Москва ва Боку муносабатларидаги кескинликнинг янги босқичи сифатида баҳоламоқда. Бунга Озарбайжон самолётининг Ақтауда ҳалокатга учраши ва Екатеринбургда озарбайжонликларнинг қўлга олиниши каби ҳолатлар ҳам туртки бўлган.