Бекободда пора олган МИБ ходими қамалди

14:15 | 2 дақиқада ўқилади.

Алимент қарздорлиги бўйича хорижга чиқиш тақиқини ечиш эвазига пора олган давлат ижрочиси 6 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Iib pora

ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси маълумотича, Бекобод шаҳри Мажбурий ижро бюроси давлат ижрочиси, 1989 йилда туғилган эркак фуқаронинг хорижга чиқиш тақиқини бекор қилиш учун 20 млн сўм талаб қилган. У шундан 13 млн сўмни пора сифатида олган пайтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Терговда аниқланишича, у шу «хизмати» учун аввалроқ 450 АҚШ доллари ва 1 млн 300 минг сўм ҳам олган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, судга оширилган.

Бекобод туман суди ҳукмига кўра, у Жиноят кодексининг пора олиш ва фирибгарликка оид моддалари билан айбдор деб топилди. Шунингдек, 2 йил муддатга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда давлат иштирокидаги ташкилотларда раҳбарлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Суд ҳукми билан собиқ давлат ижрочиси 6 йил озодликдан маҳрум этилиб, жазони умумий тартибдаги колонияда ўтайди.