Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластин бўйича махсус маърузачиси Франческа Албанезе Исроил спорт жамоаларини халқаро мусобақалардан четлатиш таклифи билан чиқди. Бу чақириқ Ғазо секторида Исроил ҳарбий ҳужумида ҳалок бўлган Фаластин миллий терма жамоасининг собиқ аъзоси Сулаймон ал-Убайд ўлими ортидан янгради.
Албанезе ўзининг расмий X саҳифасида УЕФАнинг ал-Убайд ҳақидаги хабарини иқтибос қилиб, ташкилотни тўғридан-тўғри белгилади ва «УЕФА, қотилларни мусобақалардан четлатиш вақти келди. Спортимизни апартеид ва геноциддан тозалайлик», деган мурожаат йўллади.
41 ёшли ал-Убайд Ғазода туғилган бўлиб, турмуш қурган ва 5 фарзанди бор эди. У 2000-йиллар охирида ва 2010-йиллар бошларида Фаластин миллий терма жамоаси сафида 24 расмий ўйинда иштирок этиб, 2 гол урган. Мутахассислар уни Фаластин футболининг энг ёрқин юлдузларидан бири сифатида тилга олади.
Фаластин футбол федерацияси маълум қилишича, у Ғазо секторида инсонпарварлик ёрдамини кутаётган пайтда Исроилнинг ҳарбий зарбалари оқибатида ҳалок бўлган. Федерация унинг ўлими мамлакат спорт ҳамжамияти учун катта йўқотиш эканини таъкидлади.
Албанезенинг баёноти халқаро спорт ташкилотлари ва жамоатчиликда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. УЕФА томонидан ҳозирча расмий жавоб берилмаган.