GPT-5 барча фойдаланучиларига ҳам маъқул келмаган. Биз ушбу мақолада янги моделнинг афзалликлари билан бирга, унинг асосий камчиликлари ҳақида ҳам сўз юритамиз.
Келинг, аввал яхшисидан бошлайлик.
Биринчидан, тушуниш қобилияти анча яхшиланган. GPT-5 мураккаб саволларни контекст бўйича чуқур таҳлил қилади, сўзлар ортидаги маъно ва мантиқий боғлиқликни олдингиларга қараганда анча яхши тушунади. Бу эса фойдаланувчи билан мулоқотни табиийроқ ва аниқроқ қилади.
Иккинчидан, жавоб сифати ва аниқлиги ошган. Олдинги моделлар баъзан умумий ёки мавзудан четланган жавоблар бериши мумкин эди. GPT-5 эса кўп босқичли мантиқий таҳлил ва кенгроқ билим базасидан фойдаланган ҳолда, аниқроқ ва фактларга асосланган жавоб беради.
Учинчидан, узун матнлар билан ишлаш имконияти кенгайган. GPT-5 катта ҳажмдаги матнларни таҳлил қилиб, уларни мантиқий тузилишда қайта ишлай олади. Масалан, юзлаб саҳифалик ҳужжатни ўқиб, қисқа ва тушунарли хулоса чиқаради. Бу бошқа СИ тизимларида чекланган имконият эди.
Тўртинчидан, мултимодал имкониятлари кучлироқ. GPT-5 нафақат матн билан, балки расм, диаграмма ва бошқа турдаги маълумотлар билан ҳам ишлай олади. Бу фойдаланувчиларга бир нечта турдаги контентни бир жойда таҳлил қилиш имконини беради.
Бундан ташқари, мослашувчанлик — GPT-5 фойдаланувчининг услуби ва эҳтиёжига тез мослаша олади. Масалан, бир мавзуни расмий, илмий ёки оддий тилда тушунтириш, ҳатто ҳазил аралаш тарзда ёзиш ҳам унинг қўлидан келади.
Рақобатчилар — Claude, Gemini, Мistral ёки бошқа йирик тил моделлари ҳам кучли, лекин GPT-5ʼнинг асосий фарқи шундаки, у тезлик, аниқлик ва мослашувчанликни бирлаштирган. У мураккаб мантиқий масалалардан тортиб ижодий ёзувгача, техник ҳужжат тайёрлашдан тортиб оддий суҳбатгача бўлган барча вазифаларда барқарор юқори сифатни сақлайди.
У нафақат матнни тушуниш ва яратишда, балки код ёзиш, мураккаб математик масалаларни ечиш, визуал маълумотларни таҳлил қилиш ва узоқ контекстли мулоқотларда ҳам юқори натижа кўрсатади. Масалан, дастурлаш бўйича кенг қўлланиладиган SWE-bench Verified тестида GPT-5 74,9 фоиз натижа қайд этган бўлса, бу ОpenAIнинг о3 моделидаги 69,1 фоиз ва GPT-4 даги кўрсаткичлардан анча юқори. Аider Polyglot тестида эса 88 фоизгача етиб, код ёзишда хатолик даражасини учдан бир қисмини камайтиришга муваффақ бўлган.
Математик соҳада ҳам GPT-5 ўз кучини намойиш қилди: AIME 2025 тестида кодсиз режимда 94,6 фоиз натижага эришиб, о3 моделининг 88,9 фоиз кўрсаткичини ортда қолдирган, HMMT мусобақасида эса 93,3 фоиз билан етакчилик қилган. Докторлик даражасидаги мураккаб саволлардан иборат GPQA Diamond тестида воситасиз 85,7 фоиз, воситалар билан ишлаганда эса 87,3 фоиз натижа қайд этган.
Мултимодал имкониятларда ҳам GPT-5 рақобатчиларини ортда қолдиради — Humanity’s Last Exam синовида 25,32 фоиз билан энг юқори натижани қайд этиб, Gemini 2.5 Pro ва бошқа илғор моделларни енгган. Runbear бенчмаркларида агентлик талаб қиладиган вазифаларда савдо ва телекоммуникация каби соҳаларда 62–96 фоиз диапазонда муваффақият кўрсатган, матн+график таҳлил учун МММUK етакчи бўлган. Энг катта афзалликлардан бири – галюцинация камайиши: GPT-5 GPT-4о га нисбатан 45 фоиз ва о3 га нисбатан 80 фоиз камроқ нотўғри маълумот беради.
«Тhinking» режимида хато эҳтимоли 4,8 фоиздан 2,1 фоизгача пасайган, LongFact ва FActScore тестларида эса о3 га қараганда олти баробар кам хато қайд этилган. Моделнинг контекст ойнаси 272 минг токенни ташкил этади, бу эса GPT-4 нинг 128 минг токенли лимитидан анча кенг ва фойдаланувчига бир неча юз саҳифалик ҳужжатларни бир маротаба юклаб таҳлил қилиш имконини беради.
Бундан ташқари, GPT-5 фойдаланувчининг услубини эслаб қолиш, шахсий хотира юритиш ва савол турига қараб тезкор ёки чуқур фикрлаш режимига автоматик ўтиш қобилиятига эга.
У реал секторда ҳам кенг қўлланмоқда: масалан, BBVA банки молиявий таҳлилларни соатлар ичида бажаради, ҳукумат хизматларида эса фуқароларга автоматлаштирилган жавоб тизимлари жорий этилган. Microsoft билан ҳамкорликда Copilot орқали Windows 11, Outlook ва Visual Studio каби дастурларга интеграция қилинган. Шу омиллар GPT-5 ни нафақат мулоқотчи, балки кучли таҳлилчи, дастурчи, илмий ёрдамчи ва бизнес маслаҳатчи сифатида ҳам бозорда етакчи қилади, статистик натижалар эса унинг технологик устунлигини яққол тасдиқлайди.
Бироқ, ChatGPT 5 кутилган натижани бермагани, OpenAI ҳам бунга эътироф этгани ҳақида маълумотлар бор. OpenAI раҳбари Сэм Алтман GPT-5 чиққандан кейин фойдаланувчилардан келган асосий шикоятларга жавоб берди.
Кўпчилик ChatGPT жавоблари қисқаргани, аниқлиги пасайгани ва ишлаш суръати секинлашганини таъкидлаган. Алтманнинг айтишича, GPT-5 энди «ақллироқ» туюлади. Унинг сўзларига кўра, 8 август куни автоматик ўтиш функцияси ишламай қолгани сабабли бутун кун давомида GPT-5 анча «аҳмоқроқ» кўринган.
OpenAI яқин кунларда GPT-5 билан мулоқотни яхшилайдиган бир қатор ўзгаришларни жорий этишни режалаштирган, аммо ҳар бир фойдаланувчи учун ҳақиқатан ҳам мослаштирилган сифатли созламалар кўпроқ вақт талаб қилади.
Шу билан бирга, ChatGPT’га GPT-4o ҳам қайта киритилади, аммо фақат пуллик обуначилар учун. Алтманнинг таъкидлашича, OpenAI фойдаланувчиларнинг бу моделга ўрганиб қолганини кам баҳолаган. Энди ChatGPT’da моделлар ўртасида қайта ўтиш имконияти пайдо бўлади, аммо улар сони камаяди.
GPT-5 жорий этиш режаси кутилганидан кўпроқ вақт олади. OpenAI ҳафта ичида ўтказиш қобилияти бўйича муаммолар бўлишини башорат қилмоқда. GPT-5 барча фойдаланувчилар учун очилгандан сўнг, компания ChatGPT Plus обуначилари учун тезлик лимитини икки баробар оширишга ваъда берди.
Хулоса қилиб айтганда, GPT-5 — бу оддий виртуал ёрдамчи эмас, балки билим ва ижодий фикрлашни уйғунлаштирган сунъий интеллект тизими. У фойдаланувчига нафақат тезкор жавоб беради, балки чуқур таҳлил ва самарали ечим ҳам таклиф қилади. Сунъий интеллектлар орасида GPT-5ʼнинг устунлиги ҳам айнан шунда — у технологияни инсон мулоқотига янада яқинлаштиради.
Меҳриноза Фармонова тайёрлади.