Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) сиёсий масалалар бўйича раҳбар ўринбосари, генерал Ёдуллоҳ Жавоний Kayhan нашрига берган баёнотида Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян АҚШга ишониб, Украина раҳбари Володимир Зеленский йўл қўйган хатони такрорлашаётганини билдирди.
Генералнинг сўзларига кўра, бу «ноқобил ҳаракат» икки давлат раҳбарларига қимматга тушади. «Эрон, Ҳиндистон ва Россия бу иш олдида сукут сақламайди», — деди Жавоний.
Унинг таъкидлашича, АҚШнинг Эрон шимолий чегараларида доимий мавжудлик ўрнатиш ҳақидаги «америкаликлар орзуси» ҳеч қачон амалга ошмайди. Жавоний Ислом Республикаси Зангезур лойиҳаси орқали хавфсизлиги ва миллий манфаатларига таҳдид солинишига йўл қўймаслигини, бунга қарши ҳар қандай чора кўрилишини қўшимча қилди.
Маълумот учун, 8 август куни АҚШ президенти Доналд Трамп воситачилигида Вашингтонда Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ўртасида жанг ҳаракатларини тўхтатиш декларацияси имзоланган эди.
Етти моддадан иборат мазкур ҳужжат Боку ва Ереваннинг тинчликка интилишини тасдиқлайди. Шунингдек, у «Трамп йўлаги» деб номланган, Арманистон ҳудуди орқали Озарбойжонни Нахичивон билан боғлайдиган ва АҚШ назоратида бўладиган коридорни очишни назарда тутади.