10 август куни Қуддусда матбуот анжумани ўтказган Биньямин Нетаняҳу Ғазо секторидаги урушни тугатишнинг «энг яхши ва ягона йўли» ҲАМАСни мағлуб этиш эканини айтди. Унга кўра, Исроил ҳозирда секторнинг 75 фоизини назорат қилмоқда, аммо асосий таянч нуқталардан бири — Ғазо шаҳри ҳали босиб олинмаган. Бу хақда RBC хабар берди.
Бош вазирнинг таъкидлашича, Исроилнинг мақсади Ғазони эгаллаб олиш эмас, балки «озод қилиш»дир. У урушни тугатиш учун беш тамойилни санади: ҲАМАСни қўлсизлантириш, гаровдагиларни озод қилиш, Ғазони демилитаризация қилиш ва хавфсизликни Исроил назоратига олиш, шунингдек, на ҲАМАС ва на Фаластин маъмурияти бошқарадиган «муқобил фуқаролик маъмурияти»ни тузиш. Янги тузилма терроризмни молияламаслиги ва Исроил билан тинч яшашга тайёр бўлиши лозим.
8 август куни Исроилнинг ҳарбий-сиёсий кабинети Ғазо шаҳрини назоратга олиш режасини маъқуллади. Ҳукумат операция бошланишидан олдин 1 миллионга яқин аҳолини жанубга эвакуация қилиш ва гуманитар ёрдам кўрсатишини маълум қилди. Амалиёт 5 ойгача давом этиши мумкин.
Бироқ режа Исроилда ҳам, халқаро майдонда ҳам норозилик уйғотди. Тел-Авивда минглаб норозилар кўчаларга чиқиб, урушни кучайтиришга қарши чиқди ва гаровдаги шахсларни озод қилишни талаб қилди.