Бухоро, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида ички ишлар ходимлари турли мақсадларда пора олгани учун ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ходими ўзининг мансабдор танишлари орқали Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлимининг иш юритувида бўлган жиноят ишини гумонланувчига нисбатан бўлган қисмини тугатишда ёрдам бериш эвазига 13 минг доллар талаб қилган. Ўтказилган тезкор тадбирда ходим ушбу пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасининг Қўриқлаш бошқармаси Ангрен шаҳар бўлими сафдор ходими бўлинма командири ўринбосари билан ўзаро тил бириктириб, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда мансабдор танишлари орқали Оққўрғон туманида яшовчи фуқарони Қўриқлаш бошқармасига ишга киритиб қўйиш эвазига 1500 доллар талаб қилган. Ўтказилган тезкор тадбирда сафдор ходим олдиндан 1000 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу билан биргаликда, ИИВ Миграция ва персоналлаштириш департаменти Тошкент халқаро аэропортига паспорт-виза бўлими катта инспектори мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда вояга етмаган шахснинг хорижга чиқиш биометрик паспортига уни хорижга олиб чиқиб кетаётган фуқарога ҳамрохлик қилувчи штамп белгисини тезлаштирилган тартибда расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Бу иши эвазига у 400 долларни пора сифатида олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида катта инспектор 2025 йилнинг бошидан ҳозирги кунга қадар Ўзбекистонда бўлиб турган 42 нафар чет эл фуқаросининг ҳар биридан 300-700 доллар миқдоридаги пулни олган ҳамда уларга чиқиш визасини, 8 нафар Ўзбекистон фуқаросига эса ҳамрохлиқ қилувчи штамп белгисини тезлаштирилган тартибда расмийлаштириб бериш эвазига 200-400 доллар миқдордаги пулни пора сифатида олган ҳолати ҳам аниқланган.
«Ҳозирда ушбу қонун ҳимоячиларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.