Испаниянинг Мурсиа минтақасидаги жумилла шаҳри маҳаллий ҳокимияти жамоат биноларида исломий байрамларни нишонлашни тақиқлади. Ҳокимият бу тақиқни мамлакатнинг асрий христиан қадриятларини ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинганини билдирди.
Қарорни илгари сурган сиёсий партия Vox мазкур қарорни Испаниянинг христианлик илдизларига қайтиш сифатида баҳолаб, уни “тарихий” деб атади. Шу билан бирга, ҳукуматдаги бошқа консерватив партия, Partido Popular ҳам бу таклифни қўллаб-қувватлади. Vox партияси эса илгари миграцияни қатъий назорат қилиш ва исломга қарши қатъий сиёсат олиб борган. Бу Испания Конституциясига зид деб баҳоланиши ва судда қайта кўриб чиқилиши мумкин. Жумиллада мусулмонлар аҳолининг 7,5 %ини ташкил қилади ва бу чеклов уларнинг асосий диний маросимларига таъсир қилади.
Қарор мусулмон жамоатчилиги ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг кескин танқидларига сабаб бўлди. Испания исломий ташкилотлар федерацияси раҳбари бу қарорни дин эркинлигини чекловчи ва дискриминацияга асосланган деб ҳисоблайди. Amnesty International эса бундай қарорни “динга қарата булган дискриминация учун хавфли прецедент” деб баҳолади ва суд орқали бу қарорга қарши чора кўришни билдирди.
Маълумот учун, сўнгги йилларда Европада мусулмонларнинг диний амалларига нисбатан чекловлар кўпаймоқда. Францияда ҳижоб ва абаяга қарши қонунлар, Данияда Қуръонни ёқишга оид воқеалар, Бельгияда ҳалол сўйиш амалиётига тўсиқлар — буларнинг барчаси сиёсий ўнг қанот кучлар томонидан “миллий хавфсизлик” ёки “секулярлик” ниқоби остида амалга оширилмоқда. Хумилья қарори ҳам шу тенденциянинг бир бўлаги сифатида кўрилмоқда.