Reuters’нинг ёзишича, Мудофаа вазирлиги ҳисоботига кўра, хизматга яроқли ёшлар сони кескин камайиши офицерлар таркибига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Бу жараён давом этса, келгусида операцияларни бажаришда қийинчиликлар юзага келиши мумкин.
Армия таркиби 2000-йиллар бошидан, ўшанда тахминан 690 минг аскар бўлган даврдан буён мунтазам қисқариб келмоқда. 2019 йилда фаол хизматчилар сони 563 минг атрофида бўлган, аммо 2025 йилга келиб 20 ёшли эркаклар сони 30 фоизга қисқарган ва 230 минг кишини ташкил этган.
Ҳарбий хизмат муддатининг қисқаришига АҚШ билан ҳарбий иттифоқ ва мудофаа саноатини ривожлантириш сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Корея уруши сулҳ билан якунланган 1953 йилда хизмат муддати 36 ой бўлган бўлса, ҳозирда 18 ой этиб белгиланган.
Жанубий Корея мудофаа бюджети 2025 йилда 43,9 млрд доллардан ошиб, Шимолий Корея иқтисодиёти ҳажмидан ҳам катта бўлди. Шу билан бирга, мамлакатда 2024 йилда туғилиш даражаси 0,75 ни ташкил этиб, дунёдаги энг паст кўрсаткич сифатида қайд этилди.