Норасмий ишчи жалб этган иш берувчилар учун жарималар оширилади

14:45 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда иш берувчиларнинг норасмий бандликка йўл қўйиши учун жавобгарлиги кучайтирилади. Президентнинг 4 августдаги фармойишига кўра, биринчи марта аниқланган қоидабузарлик учун 30 БҲМ (12,36 млн сўм) миқдорида жарима қўлланади.

Jarima

Такрорий ҳолатда эса жарима 100 БҲМ (41,2 млн сўм) этиб белгиланади.

Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасига август ойида тегишли қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.

2026 йилдан бошлаб, қурилиш ташкилотларида норасмий ишчиларни жалб этиш ҳолатлари «Шаффоф қурилиш» онлайн платформасидаги рейтинг балларини пасайтиради. Бу бўйича масъул идоралар сифатида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Ахборот технологиялари ва Бандлик вазирликлари белгиланди.

Жорий йил март ойи бошида Бандлик вазирлиги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига ўзгартиш киритиш таклифини берган эди. Лойиҳада меҳнат шартномасисиз ишчи жалб этганлик учун фуқароларга 10 БҲМ, мансабдор шахсларга эса 30 БҲМ миқдорида жарима назарда тутилган. Такрорий қоидабузарлик ҳолатида жарима 200 БҲМ гача оширилиши белгиланган эди.