Россия логистика бозорида 1 миллионга яқин ходим етишмаяпти

16:35 | 4 дақиқада ўқилади.

Россияда логистика соҳасида йирик кадр танқислиги юзага келди. Энг талабгир мутахассислар — ҳайдовчилар, омборчилар ва юк туширувчилар. Тақчиллик айниқса йирик шаҳарлар ва саноат ҳудудларида сезилаяпти.

Lesovoz

«Известия» нашри манбалари маълумотига кўра, Россия логистика тармоғида 1 миллионга яқин ходим етишмаяпти. Бу етишмовчилик транспорт, омбор логистикаси ва таъминот занжирини бошқариш сегментларини қамраб олган.

Superjob маълумотларига кўра, 2025 йил август ойида логистикада энг кўп талабгир мутахассислар қаторига юк автомобиллари ҳайдовчилари, комплектовчилар, транспорт логистикаси менежерлари, омборчилар ва юк туширувчилар киради. Дефицит айниқса Москва шаҳри ва области, Санкт-Петербург, Свердловск, Новосибирск, Ростов областлари ҳамда Татаристонда сезиларли.

«Авито Работа» сервисига кўра, йилнинг биринчи ярмида йўловчи автомобили ҳайдовчиларига талаб 80 фоизга, лесовоз (ғўла ташувчи автолар) ҳайдовчиларига талаб эса 129 фоизга ошган. Бу ҳодиса хусусий уй-жой қурилиши, инфратузилма лойиҳалари ва шаҳар ичи ташишларга бўлган талаб ўсиши билан боғлиқ. hh.ru маълумотларига кўра, июл ойида энг кўп вакансиялар ҳайдовчилар, юк жўнатувчи ва қабул қилувчилар, омборчилар, машиналистлар ва курйерлар учун берилган.

«Альянс Тракс» тижорат транспорти дилерлик тармоғи эгаси Алексей Иванов кадр танқислигини ички савдо ва экспорт ҳажми ортиши, логистика инфратузилмасининг модернизацияси билан изоҳлади. NC Logistic’нинг HR-директори Ирина Пак эса бу ҳолатни 2023–2024 йилларда маркетплейслар ривожи ва омборлар юкламасининг юқорилиги ортидан юзага келган «логистика жазаваси» оқибати деб баҳолади.

Шу билан бирга, соҳада молиявий хавфлар ҳам сақланмоқда. Феврал ойи охирида логистика компанияларининг қарийб учдан бири қарзлар ва харажатлар ўсиши туфайли банкротлик ёқасида эканини билдирган. Январь–март оралиғида эса ҳар бешинчи транспорт компанияси бозордан чиқиб кетган, қарийб 30 фоиз юк ташувчилар фаолиятини қарз ва лизинг тўловлари сабаб тўхтатган.