Қирғизистон Президенти Садир Жапаров икки ва ундан кўп хотинликни жиноий жавобгарликдан озод қилиш тўғрисидаги қонунни имзоламади, деб хабар бермоқда Қирғизистон оммавий ахборот воситалари.
Жапаров ҳужжатни эътирозлар билан мамлакатнинг парламенти – Жогорку Кенешга қайтарди. Гап депутатлар Нурланбек Азигалиев ва Медербек Саккараев томонидан таклиф этилган «Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун ҳақида бормоқда. Парламент уни июн ойи охирида маъқуллаган эди.
Давлат раҳбарининг эътирозлари ақийқатчи (омбудсман), Бош прокуратура, Президент ҳузуридаги Дин ишлари ва миллатлараро муносабатлар бўйича миллий агентлик, Миллий фанлар академияси, Адлия вазирлиги ҳамда Конституциявий суд аппаратининг хулосалари асосида тайёрланган.
«Икки ёки кўп хотинлик учун жиноий жавобгарликни сақлаб қолиш Қирғизистоннинг халқаро мажбуриятларига мос келади. Бу давлатнинг гендер тенглиги ва қонун устуворлиги тамойилларига содиқлигини намойиш этади, аёллар ва болаларни ҳуқуқий ҳамда ижтимоий тенгсизликдан ҳимоя қилади, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлашга хизмат қилади», — деб таъкидланган Жапаровнинг эътирозида.
Қирғизистонда амалдаги қонунчиликка кўра, ҳозирги кунда кўп хотинлик учун ахлоқ тузатиш ишлари ёки катта миқдордаги жарима белгиланган.