«Тошкент шаҳар сув таъминоти» матбуот котиби Равшан Ёқубжоновнинг O’zbekiston 24 телеканалига маълум қилишича, 2025 йил охирига қадар пойтахтда 50 мингта «ақлли» совуқ сув ҳисоблагичлари ўрнатилади. Лойиҳа Франциянинг Suez компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган 7 йиллик сув таъминоти ва канализация тармоқларини модернизация қилиш дастурининг бир қисми ҳисобланади.
Илк босқичда «ақлли» ҳисоблагичлар Шайхонтоҳур туманида ўрнатилиб, икки йил давомида синовдан ўтказилган ва техник камчиликлар бартараф этилган. 10 кун олдин Янгиҳаёт туманида ўрнатиш ишлари бошланди. Йил охирига қадар айнан шу туманда 50 минг ҳисоблагич жойлаштириш режалаштирилган.
Ёқубжоновнинг таъкидлашича, янги ҳисоблагичлар орқали аҳоли кўрсаткичларни ўз қўли билан топширишдан халос бўлади. Бу «Ўзсувтаъминот» пойтахт филиалига хатоларсиз маълумот базасини шакллантириш, абонент ва таъминловчи ўртасидаги тушунмовчиликларни бартараф этиш ва тармоқларда сув тақсимотини яхшилаш имконини беради.
Келгуси 5 йилда жами 670 мингта «ақлли» ҳисоблагич ўрнатилиши режалаштирилган. Уларни алмаштириш истеъмолчилар учун мутлақо бепул бўлади, харажатлар «Ўзсувтаъминот» томонидан қопланади. Ҳисоблагичларнинг кафолат муддати 5 йил бўлиб, шу даврда аниқланган ҳар қандай носозлик ишлаб чиқарувчи томонидан кафолат шартларига мувофиқ бартараф этилади.
Suez билан ҳамкорликдаги модернизация режаси 2023 йил август ойида бошланган. Дастур доирасида ҳисоблагичлар ўрнатишдан ташқари, сув сифати назорати сенсорларини жойлаштириш, сув миноралари ва насос станцияларида энергия сарфини оптималлаштириш ҳамда тозалаш иншоотларини янгилаш назарда тутилган.