Трамп тарифлари глобал автомобил бозорида нархларни кескин ошириши мумкин

15:00 | 7 дақиқада ўқилади.

Трампнинг савдо сиёсатидаги тарифлари туфайли, йил охиригача дунё бўйлаб автомобил ва эҳтиёт қисмлар нархи сезиларли қимматлашиши кутилмоқда.

Trump tariffs

АҚШда янги автомобиллар нархлари ҳозирча барқарор турибди. Сабаби — йирик ишлаб чиқарувчилар сотувларни йўқотмаслик учун тарифлар юкини ўз ҳисобига қоплаб келмоқда. Аммо йил охирига келиб, айниқса, автомобил ва эҳтиёт қисмларига 27,5 фоизгача етиши мумкин бўлган божлар нархларни сезиларли ошириши мумкин, деб ёзмоқда The New York Times нашри.

Hyundai ва Genesis Motor North America раҳбари Ренди Паркер: «Биз тарифлар туфайли нарх оширмадик ва бу ҳали ҳам асосий қоидамиз», — дейди. Бу сиёсий жиҳатдан Трамп маъмуриятига қўл келади: юқори нархлар инфляцияга туртки бўлиши ва сайловчилар норозилигини кучайтириши мумкин эди.

Бироқ, KPMG эксперти Ленни ЛаРокканинг таъкидлашича, бундай йўл узоқ давом этмайди. «Автомобил нархлари келаси йил бошида сезиларли ошиши эҳтимолдан йироқ эмас», — дейди у.

Ҳеч бир компания божлар таъсиридан четда эмас. АҚШда йиғилган автомобиллар ҳам импорт қисмларсиз ишлаб чиқарилмайди. General Motors, Toyota, Ford, Stellantis, Tesla, Mercedes-Benz ва Volkswagen сўнгги ҳафталарда фойда пасайишига айнан тарифларни сабаб қилиб кўрсатди.

Ford иккинчи чоракда божлар туфайли 800 млн доллар йўқотди. General Motors эса бу йил тарифлар сабаб 5 млрд доллар зарар кўриши мумкинлигини айтди. Toyota 9,5 млрд, Honda эса 3 млрд доллар зарарни ҳисоблаган.

Cox Automotive ҳисоб-китобларига кўра, божлар импорт машиналар қийматига камида 5 минг доллар, АҚШда йиғилган автомобилларга эса 1 минг доллар қўшади. Бу йил охирига қадар янги автомобилнинг ўртача нархи 50 минг доллардан ошиб кетиши мумкин.

Қимматлашиш айниқса арзон моделларга муҳтож харидорларга оғир туюлади. Масалан, Chevrolet Trax (Tracker) Жанубий Кореяда, Nissan Versa эса Мексикада ишлаб чиқарилади.

Трамп маъмурияти айрим ишлаб чиқарувчилар учун бошқа йўллар билан ҳам енгиллик яратди: атмосфера стандартлари бузилиши учун жарималар бекор қилинди. Бу SUV ва пикаплар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга имкон берди. Шунингдек, АҚШда йиғилган автомобил учун олинган кредит фоизларини солиқдан чиқариш ҳуқуқи берилди, аммо бу кўпчилик учун фақат бир неча юз доллар фойда келтиради.

Шу билан бирга, Мексика ва Канада каби асосий автомобил таъминотчиларига янги тарифлар қўлланиши мумкинлиги ҳақидаги таҳдидлар ҳам сақланиб қолмоқда.

 

Халқаро бозор ва Ўзбекистон учун эҳтимолий таъсирлар

АҚШдаги тарифлар ва қимматлашиш тенденцияси бутун глобал автомобил бозорига таъсир кўрсатиши мумкин. Чунки йирик ишлаб чиқарувчилар харажатларини қоплаш учун бошқа минтақаларда ҳам нархларни ошириши эҳтимолдан йироқ эмас. Бу, айниқса, импортга таянувчи давлатлар — жумладан, Ўзбекистон учун муҳим.

Ўзбекистонда янги автомобил бозорининг катта қисми Chevrolet, Kia, Hyundai, Toyota ва Volkswagen каби брендларга тўғри келади. Уларнинг айримлари маҳаллий йиғилиш билан ишлаб чиқарилса-да, эҳтиёт қисмлар ва технологиялар кўп ҳолларда импорт қилинади. АҚШ ва глобал етказиб бериш занжирида нархлар ўсиши эҳтиёт қисмлари қийматини кўтариши, бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва дилерлар учун харажатларни ошириши мумкин.

Шунингдек, валюта курсларидаги ўзгаришлар ва транспорт-логистика харажатларининг ўсиши ҳам умумий нархлар динамикасига таъсир қилади. Натижада, 2025 йил охири — 2026 йил бошида Ўзбекистонда ҳам айрим импорт автомобиллар ва эҳтиёт қисмлар нархи сезиларли қимматлашиши мумкин.