Якка тартибдаги тадбиркорлар учун солиқ ставкаси 1 фоизга туширилади

23:00 | 4 дақиқада ўқилади.

2026 йил 1 январдан бошлаб, йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланади.

Mirziyoyev

Президент Шавкат Мирзиёев 11 август куни якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид тақдимот билан танишган. Маълум бўлишича, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун 2030 йил 31 декабрга қадар махсус ҳуқуқий режим жорий этилади. Уларни давлат рўйхатидан ўтказишдан тортиб ҳисоботни топширишгача бўлган барча асосий хизматларни бирлаштирувчи интеграциялашган рақамли платформалар яратилади. Жумладан, фаолиятни расмийлаштириш, банк ҳисобварақлари очиш ва бошқариш, солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш, ҳисоб-китоблар қилиш ва фискал чекларни шакллантириш ушбу рақамли платформалар орқали юритилади.

Бу тизимда электрон ҳамён очилиши тадбиркорларга даромадларни қабул қилиш, ходимлар, контрагентлар ва ташкилотлар билан ҳисоб-китобларни амалга ошириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш имкониятини беради. Электрон ҳамёнга эга бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун банк ҳисобварақларини очиш ихтиёрий бўлади. 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб, бу жараёнларда «QR-код» ва «tap to pay» технологиясидан фойдаланилади. Ҳужжатларни масофавий биометрия ва «SMS хабарнома» орқали электрон калитсиз имзолаш мумкин бўлади. Бу маълумотлар қоғоз нусхадаги ҳужжатлар билан тенглаштирилади. «Кунлик тўлов» тартиби тажриба тариқасида жорий этилиб, ходимларга тўловларни электрон ҳамён орқали тўлаш имконияти яратилади.

«2026 йил 1 январдан бошлаб, йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланади. Якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларда электрон тўловларни қабул қилувчи махсус QR-код мавжуд бўлиши чакана савдо қоидаларининг мажбурий талаби этиб белгиланади. Рақамли платформадаги пул айланмалари тўғрисидаги маълумот кредит ажратишда инобатга олинади. Президентимиз бу таклифларни маъқуллаб, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади», — дейилади хабарда.