Тошкентда 2025 йил охиригача 50 минг «ақлли» сув ҳисоблагич ўрнатилади
Тошкентда 2025 йил охиригача 50 мингта «ақлли» сув ҳисоблагич ўрнатилади. Бу лойиҳа Франциянинг Suez компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган 7 йиллик сув таъминоти тизимини модернизация қилиш дастурининг бир қисми ҳисобланади. Илк босқичда ҳисоблагичлар Шайхонтоҳур ва Янгиҳаёт туманларида синовдан ўтказилмоқда.
Янги «ақлли» ҳисоблагичлар аҳолига кўрсаткичларни қўл билан топширишдан озод қилиш билан бирга, хатоларсиз маълумот базасини шакллантиришга ёрдам беради ва сув тақсимотини яхшилайди. Келгуси 5 йилда жами 670 минг ҳисоблагич алмаштирилиши режалаштирилган ва бу жараён истеъмолчилар учун бепул бўлади.
Лойиҳа доирасида сув сифати назорати сенсорлари ўрнатилиши, энергия сарфи оптималлаштирилиши ва тозалаш иншоотлари янгиланиши ҳам назарда тутилган.
Юнусободдаги «Уч қаҳрамон» бозорида йирик ёнғин содир бўлди
Тошкентнинг Юнусобод туманидаги «Уч қаҳрамон» бозорида 11 август соат 02:20 ларда йирик ёнғин содир бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар беришича, ёнғин ҳақида хабар 02:22 да келиб тушиб, ёнғин-қутқарувчилар 7 дақиқада жойга етиб боришган.
Гувоҳларнинг айтишича, ёнғин тез тарқалиб, бозорнинг бир қисмини қамраб олган. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари айрим савдогарларни бозор ичига киришга уринганларини тўхтатган. Ёнғин 03:24 да қуршаб олинган ва 04:46 да тўлиқ ўчирилган, 10 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб қилинган. Жабрланишлар ҳақида маълумот йўқ. Ҳозирда ёнғин сабаблари ва зарарлар ўрганилмоқда.
Ўзбекистон ва Қирғизистон Қозоғистонга сув беради
Ўзбекистон ва Қирғизистон Қозоғистоннинг жанубий ҳудудларидаги сув етишмовчилигини камайтириш мақсадида 600 миллион метр куб сув юборади. Бу ҳаракат вегетация даври тугагунига қадар амалга оширилиши режалаштирилган.
Қозоғистон Бош вазири ўринбосари Қанат Бозумбаевнинг айтишича, сув омборларидаги ҳолатлар ва қишлоқ хўжалиги ерларини суғоришдаги муаммоларни инобатга олган ҳолда, тезкор чоралар кўриш зарур. Ҳозирги вақтда сув етказиб бериш жадвалидан 1 миллиард метр кубдан ортиқ кечикиш мавжуд.
Марказий Осиёдаги ноқулай иқлим шароити сув оқимининг камайишига ва қишлоқ хўжалигида қийинчиликларга сабаб бўлмоқда. Сирдарё, Чу ва Талас дарёлари ҳамда каналларда сув ўтказувчанлиги одатдагидан 30–40%га камайган, бу сув таъминотида қўшимча чоралар зарурлигини кўрсатмоқда.
Хафта давомида ҳаво ҳарорати тушиб боради
11 августдан 16 августгача Ўзбекистонда бироз булутли об-ҳаво сақланади. 13 августда Қорақалпоғистонда, 16 августда эса Фарғона водийси ва тоғли ҳудудларда қисқа ёмғир ва момақалдироқ бўлиши кутилмоқда.
Шамол асосан шарқдан 7–12 м/с тезликда эсади, айрим жойларда 13–18 м/сгача кучаяди, чанғ-тўзонлар эҳтимоли бор.
Ҳаво ҳарорати вилоятларда қуйидагича бўлади: Тошкент ва атрофида 31–40 даража, Қорақалпоғистонда 30–37 даража, Бухоро ва Навоийда 32–39 даража, Қашқадарё ва Сурхондарёда 34–42 даража, Фарғона водийсида 30–39 даража, тоғли ҳудудларда эса 21–33 даража. Ҳарорат ҳафта давомида тушиб боради.
«Бир-икки марта танқид калтагини еса, пишади», — Зойир Мирзаев
11 август куни бўлиб ўтган «Ҳокимлик соати» йиғилишида Мирзаев қўл остидаги раҳбарларга мурожаат қилиб, ижтимоий тармоқлар билан ҳамкорлик қилиш улар учун фойда келтиришини айтди.
«Ижтимоий тармоқ билан ҳамкор бўлмаган ҳокимнинг эртанги куни йўқ. Қайерга қочасиз? Камерадан қочиб бўлмайди. Ҳоким бўлгандан кейин интернетга чиқиш табиий. Фақат мақтаб юборишимиз керакми? Бир-икки марта танқид калтагини еса, пишади», — деди у.
Мирзаевнинг сўзларига кўра, журналистлардан ёки камерадан қочиш ҳокимнинг обрўсини сақлаб қолмайди.