Юнусободдаги «Уч қаҳрамон» бозорида йирик ёнғин содир бўлди

09:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Тошкент туманида жойлашган «Уч қаҳрамон» бозорида 11 август тонгги соат 02:20 ларда катта ёнғин содир бўлди. Ҳодиса натижасида жабрланиш ҳолатлари қайд этилмаган.

Uch qahramon

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотича, соат 02:22 да Тошкент вилояти ФВБга ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида хабар келиб тушган. Ёнғин-қутқарув экипажлари эса 7 дақиқа ичида воқеа жойига етиб келган.

Гувоҳлар айтишича, аланга қисқа фурсатда ёйилиб, бозорнинг бир қисмини қамраб олган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган кадрларда айрим савдогарлар бозор ичига киришга ҳаракат қилгани, ҳуқуқ-тартибот ходимлари эса уларни тўхтатгани кўринган.

Ёнғин 03:24 да қуршаб олинган ва 04:46 да тўлиқ ўчирилган. Ёнғинни ўчириш учун жами 10 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб қилинган. Ҳозирги вақтга қадар тан жароҳати олганлар тўғрисида маълумот келиб тушмаган.

Ёнғин келиб чиқиш сабаблари ва етказилган зарар миқдори ўрганилмоқда.