11 август куни Тошкент вилоятида жойлашган «Уч қаҳрамон» бозорининг тахминан 40 фоизи ёниб кетди. Бу Ўзбекистон бозорларида кузатилаётган ёнғин ҳолатларининг илк мисоли эмас. Илгари ҳам «Ўрикзор» ва «Чорсу» савдо мажмуаларида йирик ёнғинлар содир бўлган эди.
Иқтисодчи ва блогер Отабек Бакировнинг таъкидлашича, бозорларда ёнғин чиқишига нафақат олов манбалари, балки тизимли муаммолар ҳам сабаб бўлиши мумкин. Унинг таъкидлашича, мулк ҳуқуқининг етарлича ҳимоя қилинмаслиги, очиқ ва шаффоф ер бозорининг йўқлиги ҳамда қонун доирасидан ташқарида сақланиб қолган анъаналар ёнғин хавфини кучайтиради.
Бакиров журналист Шуҳрат Шокиржоновдан иқтибос келтириб, кўп ҳолларда ёнган бозорлар ўрнида бозор қайта тикланмаслигини қайд этган. У бозорни бошқа жойга кўчириш ёки ерни эгаллаш мақсадида ҳам бундай воқеалар рўй бериши мумкинлигини тахмин қилди.
«Илгари ёмон ўтган замонда бозорлар камроқ ёнардими, билмайман, балки хабар камлигидан шундай ўйлаганмиз, балки аномал иссиқ бўлмаганидан, балки бозорни ёниб кетишидан кўчириб юбориб, ўрнини эгаллаш осонроқ бўлганидан, ким билади энди», — дея ёзган у.
Расмий маълумотларга кўра, мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «б» банди асосида жиноят иши қўзғатилган. Тергов иши Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармасига юклатилган.