Самарқанд вилоятида чорва моллари орасида дерматит (тери касаллиги) тарқалаётгани ва нобуд бўлиш ҳолатлари кўпайгани айтилмоқда. Бу ҳақда Vaqt.uz’га самарқандлик бир қатор чорвадорлар маълум қилди.
«Икки ойча бўлди, туманимизда чорва моллари орасида аввал бошда номаълум ҳисобланган ва кейинчалик дерматит дея ташхисланган касаллик кенг тарқалмоқда. Шу сабаб чорва моллари орасида нобуд бўлиш ҳолатлари ҳам ортмоқда. Шахсан ўзимнинг ўғлимни тўйига дея боқаётган сигиримда ҳам шу тери касаллиги аниқланди. Даво муолажалари фойда бермагач, ҳаром ўлмасин деб арзон суммага колбаса цехига гўштга топшириб келдим», – дейди самарқандлик Отабек исмли киши.
Унинг қўшимча қилишича, ўзи билган яна бир неча яқинларига тегишли чорва молларида ҳам теридан бошланувчи касаллик аниқланган. Шу сабаб, кўпчилик хавотирда. Баъзилар касаллик юқмаслиги учун иссиқ кунларда ҳам чорвасини оғилда сақламоқда.
Самарқандлик Марат исмли чорвадор эса бўрдоқига боқаётган моллари орасида дерматит билан оммавий касалланиш ҳолати кузатилгани, уларни даволатишга катта сумма сарфлагани ҳақида гапирди.
«Шу касалликни юқтирган битта чорвани даволаш учун 20 кунча вақт кетяпти, шунингдек, 2-3 млн сўм харажат қилишга мажбур бўляпмиз. Бу шундоқ ҳам ем қиммат вақтда бизга жуда оғир. Мен турли ҳудудлардан чорва сотиб оламан. Ўзим билганим 5-6 та қишлоқда ўнлаб чорва шу касалликдан нобуд бўлганини биламан. Масъуллар бир йўлини топиб, касалликни тўхтатишлари керак», – деди чорвадор.
Vaqt.uz мухбири ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Жомбой туман Ветеринария бўлими шифокорларидан бири билан боғланди. Иш фаолиятида муаммо бўлмаслиги учун шахси сир қолиш шарти билан гапирган ветеринарга кўра, вилоятдаги чорва моллари орасида дерматит тарқалаётгани рост.
«Ҳа, вилоятда чорва моллари орасида дерматит кўпайгани рост. Бу — асосан ҳашаротлар: чивин ва пашша ташувчиси бўладиган, чорва ҳайвонлари терисини, кейинчалик бутун организмини зарарловчи хасталик бўлиб, уни юқтирган молларнинг аҳволи бир неча кун ичида кескин ёмонлашади ва нобуд бўлади. Кассаликни юқтирмаслик учун чорва моллари эмланиши керак. Аммо туғишига яқин қолган сигирларни эмлаш мумкин бўлмаслиги мумкин, ветеринар билан гаплашиш, маслаҳатлашиш керак», – деди шифокор.
Унинг қўшимча қилишича, айни вақтда вилоятдаги барча Ветеринария бўлими шифокорлари дерматининг кенг тарқалиб кетишини олдини олиш мақсадида эмлаш тадбирларини ўтказмоқда: «Ўзимиз ҳам ҳозир қишлоқларда эмлаш билан бандмиз».
Таҳририят мухбири ҳолатга ойдинлик киритиш, шунингдек, кассаликнинг оммавий тарқалиб кетишига қарши қилинаётган ишлар ҳақида маълумот олиш учун Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси Матбуот хизмати раҳбари Анвар Суюнов билан боғланди. Аммо Суюнов ҳолатни ассосиз ҳамда чорва жаллоблари ва «ноинсоф ветврачларининг ўйини», деб атади.
«Ҳа, қўмитага яқинда Паст Дарғомдан шундай мурожаат бўлганди. Биз ҳолатни жамоавий бориб ўргандик. Ўшанда ҳолат тасдиқланган эди. Лекин чорванинг қаердан келганини сўраганимизда, у Қашқадарёдан келтирилган мол бўлганини айтишган. Лекин яна шуниси ҳам бор эдики, у ердаги ветеринария шифокорларини ўзи ҳам иккиланиб туришганди: бу дерматитми, йўқми?
Яна шуни айтишим керакки, ҳа жойларда «дерматит кўпайди», деган гаплар бор, лекин бу аслида ўзимизни «гўбалак» деган эски, енгил тошма касаллик. Бу яқинда бўлган иссиқларда бошланганди. Шу енгил касалликни эса баъзи чорва жаллоблари ва икки-уч ветврач келишиб, чорванинг нархини тушириш мақсадида хавотирли дерматит, дея гап тарқатишмоқда. Врач чорва эгасига «молинг дерматит», дейди, мол жаллоб эса молни арзон гаровга сотиб олади ва «гўбалак»ни арзимаган дори билан даволаб, қимматга сотади. Шундай хавотирли гаплар тарқалиши Қашқадарё вилояти Косон туманида бошланган эди, мана энди Самарқандга ҳам кириб келди.
Бундай хавотирлардан мол жаллоблари катта фойда кўради, яхши-яхши молларни арзимаган пулга сотиб олиб, 15-20 кун соя салқинда ем бериб қараяпти ва бир неча баробар қимматига сотяпти. Хавотирли эшитилаётган бу воқеаларнинг тагида шу тизим бор», — деди Анвар Суюнов.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг июл ойларида Хоразм вилоятида ҳам чорва моллари орасида дерматит касаллиги тарқалгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Шундай хабарлардан бирида айтилишча, «вилоятда касаллик қарийб ҳар бир хонадонга етиб борган, соғлом мол қолмаган».
Илёс Сафаров тайёрлади.