Энди Ўзбекистонда рухсатсиз диний таълим берганлар қамалиши мумкин

21:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Махсус диний маълумотсиз, диний ташкилотнинг марказий бошқарув органидан рухсатсиз ёки хусусий тартибда диний таълим бериш энди жиноят деб топилади.

Diniy talim

Энди Ўзбекистонда вояга етмаганларга ноқонуний ва диний ташкилотларнинг рухсатисиз диний таълим берганлар 3 йилгача озодликдан маҳрум қилинади. Бу президент томонидан имзоланган қонунда келтирилган.

Қонунга мувофиқ, Жиноят кодексининг 229-2-моддасига (диний таълим бериш тартибини бузиш) ўзгартишлар киритилди. Махсус диний маълумотсиз, диний ташкилотнинг марказий бошқарув органидан рухсатсиз ёки хусусий тартибда диний таълим бериш энди жиноят деб топилади.

Бундай ҳаракатлар учун 50 дан 100 БҲМ гача (20,6 млн сўмдан 41,2 млн сўмгача) жарима, 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари, уч йилгача тузатиш ишлари, уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Ҳозирги кунда фуқароларга, шу жумладан, вояга етмаганларга диний таълимотларни ўргатиш тартибини бузиш БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача қамоққа олишга сабаб бўлади.

Ўзгартишлар ҳужжат расмий эълон қилинган кундан бошлаб уч ой ўтгач кучга киради.