Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Украина раҳбари Володимир Зеленский билан телефон орқали суҳбатда мамлакатининг Украина билан ҳамкорликни кенгайтириш ва тинчлик ўрнатиш жараёнида фаол иштирок этишга содиқлигини билдирди.
«Ҳиндистон бу йўналишда барча имкониятларини сафарбар қилади, шунингдек, Украина билан икки томонлама алоқаларни янада ривожлантиради», — деб ёзди Моди ижтимоий тармоқда.
Зеленский эса ўз телеграм-каналида Модининг «Украинага оид ҳар қандай масала Украина иштирокида ҳал қилиниши шарт», деган позициясини қўллаб-қувватлаганини қайд этди.
Украина президентининг маълум қилишича, Моди Ҳиндистоннинг Россиядан нефт каби энергия ресурслари импортини чеклаш муҳимлигини ҳам таъкидлаган. Бу, унинг фикрича, Россиянинг урушни давом эттириш имкониятларини қисқартиришга ёрдам беради.
Томонлар сентябр ойида БМТ Бош Ассамблеяси доирасида шахсан учрашишга келишиб олдилар.