Европа Иттифоқи давлатлари Россияга нисбатан навбатдаги санкциялар пакетини ишлаб чиқиш ва Украинага қўшимча ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича фаол ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг олий дипломати Кая Каллас ижтимоий тармоқда маълум қилди.
«ЕИ ташқи ишлар вазирлари бугун АҚШнинг адолатли тинчликка эришиш йўлидаги қадамларини қўллаб-қувватладилар», — деди Каллас. Шу билан бирга, у Европа мамлакатлари Украинага молиявий ёрдам ва унинг ЕИга аъзо бўлиш жараёнини қўллаб-қувватлаш чораларини ҳам кўраётганини қўшимча қилди.
Калласнинг фикрича, трансатлантик ҳамкорлик, Украинага доимий ёрдам ва Россияга босим — урушни тугатиш ҳамда келгусидаги эҳтимолий агрессияни олдини олишнинг асосий йўлидир.
Хабар қилинишича, Кая Каллас 11 август куни ЕИ ташқи ишлар вазирларини йиғилишига чақирган. Йиғилишда АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия президенти Владимир Путиннинг режалаштирилган музокаралари олдидан Европа позициясини белгилаш масалалари муҳокама этилган.