Марказий банк 2 ойда 60 га яқин масалани кўриб чиқди

20:00 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йил июн-июл ойларида Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси 59 та масалани кўриб чиқиб, банклар ва молия ташкилотларига бир қатор чоралар белгилади.

Mb

Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йил июн-июл ойларида Банк назорати қўмитаси 11 марта йиғилиш ўтказиб, жами 59 та масалани кўриб чиққан. Улардан 37 таси рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишига оид бўлиб:
кредит ташкилотлари уставига ўзгартишларни рўйхатдан ўтказиш,
янги микромолия ташкилотларини ҳисобга қўйиш,
устав фондидаги улушларга эгалик қилишга рухсат бериш каби масалаларни ўз ичига олди.

Шунингдек, тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқарув аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимлар номзодлари кўриб чиқилди.

Қўмитада кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 22 та масала ҳам муҳокама қилинди. Улар орасида Марказий банк кўрсатмалари ва пруденсиал меъёрларга риоя этилиши, банклар ва микромолия ташкилотларида ўтказилган инспекция натижалари, шунингдек, жиноий даромадларни легаллаштириш, терроризм ва оммавий қирғин қуролларини молиялаштиришга қарши кураш масалалари бор.

Текширувлар давомида тўлов тизими операторлари ва ташкилотлари устав капиталига қўйилган энг кам талабларга риоя қилмаганлиги ҳолатлари аниқланди. Шу сабабли 15 та тўлов ташкилотига нисбатан чора ва санкциялар қўлланилиши ҳақида огоҳлантириш берилди.

Шунингдек, қоидаларни бузгани учун 23 та банк ва 2 та микромолия ташкилотига жарима санкциялари қўлланилди.

Айниқса, «IMKON FINANS MIKROMOLIYA TASHKILOTI» АЖда аниқланган қоидабузарликлар сабабли ушбу ташкилотнинг кредит, лизинг, кафолат ва факторинг хизматлари уч ойга тўхтатилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки банклар ва уларнинг филиалларида текширувлар ўтказиш тартибини белгилайдиган низомга ўзгартишлар киритгани ҳақида хабар берган эдик.