«Овоз» лойиҳаси плагиат учун огоҳлантирилди

19:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Адлия вазирлиги 2 млрд сўмлик «Овоз» лойиҳасида муаллифлик ҳуқуқи бузилганини аниқлаб, масъулларга огоҳлантириш берди.

Ovoz

Ўзбекистон Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамияти марҳум Шерали Жўраев ижодидаги «Қора кўзли санамжон» қўшиғи ҳуқуқ эгаси ёки ваколатли шахслар рухсатисиз «TALENT SHOW» МЧЖнинг «Овоз» лойиҳасида ишлатилгани ҳақида мурожаат қилди.

Текширувда асар YouTube’даги «The voice of Uzbekistan» канали орқали кенг оммага тақдим этилгани аниқланди. Бу ҳолат муаллифлик ҳуқуқи бузилиши сифатида баҳоланди.

Қўшиқ текширувдан олдин тармоқдан ўчирилгани боис вазирлик огоҳлантириш билан чекланди. Масъулларга келгусида қонун талабларига қатъий риоя этиш шартлиги эслатилди.

Қонунга кўра, муаллиф ёки ҳуқуқ эгаси бундай ҳолатда зарар ўрнини қоплаш ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баробаридан 1000 баробаригача миқдорда товон талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Эслатиб ўтамиз, июл ойида 2та хонанда: Жалолиддин Аҳмадалиев ва Ботир Қодиров ҳам муаллифлик ҳуқуқини бузганлиги аниқланган.