Ўзбекистон аҳоли жон бошига юқори даромадга етиши учун бир асрдан ортиқ вақт талаб қилинади

18:00 | 6 дақиқада ўқилади.

Жаҳон банкига кўра, Ўзбекистон Марказий Осиёда аҳоли жон бошига юқори даромадга Марказий Осиё мамлакатлари ичида энг охирги бўлиб етиб борди. Бунинг учун камида бир аср керак бўлади.

100 yil

Жаҳон банки Европа ва Марказий Осиё давлатларидаги иқтисодий ўсиш жараёнлари ҳақида ҳисобот эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) ўсиш суръати йилдан йилга камайиб борган, фақат 2024 йилга келиб ўтган йилга нисбатан 0,2 фоизга ошган.

 

Mo 01
Инфографика: Жаҳон банки

Миллий статистика қўмитасининг қайд қилишича, Ўзбекистонда 2025 йилнинг январ–июн ойларида ЯИМ ҳажми 807,9 трлн сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 7,2 фоиз бўлган. Бироқ Жаҳон банки буни 5,9 фоиз деб баҳоламоқда. Қайси маълумотлар ишонарли эканлиги савол остида қолмоқда.

Mo 02
Манба: Статистика қўмитаси

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари орасида аҳоли жон бошига даромад бўйича энг паст ўринда турибди. Унинг юқори даромад даражасига чиқиши учун 100 йилдан кўпроқ вақт кетиши прогноз қилинган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад 13,7 млн сўмни ташкил қилади. Юқори даромадга чиққан давлатлар рейтингига кириш учун аҳоли жон бошига камида 14 минг доллардан (2023 йилга кўра) маблағ тушиши керак.

 

Марказий Осиё давлатларида ҳолат қандай?

Mo 03
Инфографика: Жаҳон банки

Юқори даромад даражасига Қозоғистон ва Туркманистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчилардан бўлиб етиши кутилмоқда. Бу тахминан 28–30 йил вақт олиши мумкин.

Кейинги ўринни эса Қирғизистон эгаллайди, у тахминан 70 йилда юқори даромад даражасидаги давлатлар рўйхатига чиқа олади.

Ўзбекистон ва Тожикистон эса Европа ҳамда Марказий Осиё минтақасида энг охиргилардaн бўлиб натижага эришади. Аниқроғи, бу учун 1 асрдан кўпроқ вақт кетиши прогноз қилинган.

 

Нимага кўра баҳоланмоқда?

Жаҳон банки ушбу хулосага сўнгги 10 йилликдаги ўртача кўрсаткичлар асосида келган. Айниқса, Қозоғистон ҳамда Қирғизистондаги даромадларнинг пасайиши ва пандемиядаги иқтисодий тушишлар сезиларли таъсир кўрсатган.

«Агар даромадларнинг (жон бошига GNI) пандемиядан кейинги даврдаги ўртача ўсишини олсак, унда жон бошига даромадлар Қозоғистонда 2026 йилнинг ўзида 14 минг долларлик даражадан ўтади. Шунингдек, Туркманистон 2034 йилда, Тожикистон 2037 йилда, Ўзбекистон эса 2042 йилда бу босқичдан ўтиши мумкин. Ўзбекистон эса сўнгги 4 йилдаги ўртача ўсиш билан барибир минтақада бу даражага энг сўнгги етади», — деб ёзмоқда иқтисодчи Миркомил Холбоев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий Осиё бўйича Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш суръати энг паст тезлашган давлатлар қаторида эканлиги маълум қилинган эди. Мамлакатда иқтисодий ўсиш 0,6 фоиз бандга тезлашиб 7,2 фоизга етган. Солиштириш учун: Қирғизистонда 3,6 фоиз, Қозоғистонда 3 фоиз, Тожикистонда эса 1,9 фоиз бандга тезлашган.

Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.