Ўзбекистон талабалари Россиянинг хавфли ҳудудига юборилаётгани айтилмоқда

14:30 | 4 дақиқада ўқилади.

Тошкент давлат тиббиёт университети талабалари Россиянинг ҳарбий ҳолат эълон қилинган Нижний Новгород вилоятига ўқишга мажбурий юборилаётгани ҳақида хабар тарқалди.

Toshmi

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеога кўра, Тошкент давлат тиббиёт университети (олдинги Тошкент тиббиёт академияси)нинг бир гуруҳ талабалари Россия Федерациясининг Нижний Новгород шаҳридаги олий таълим муассасаларига ўқишга юборилмоқда. Мазкур шаҳарда ҳарбий ҳолат эълон қилинган бўлиб, у сўнгги кунларда Украина ҳужумларига учраган ҳудуд сифатида қайд этилган.

Маълумотларга кўра, 11 август куни Нижний Новгород вилоятида жойлашган саноат зонасига Украина томонидан зарба берилган. Ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлган, яна икки нафар фуқаро шифохонага ётқизилгани расмий маълумотларда қайд этилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда олдинги ректор ўқишни Қозоғистонга кўчиришни ваъда қилгани, аммо янги ректор Шуҳрат Баймурадов бу қарорни амалга оширишдан бош тортгани айтилади.

«Талабалар олдига шарт қўйилди: ёки Россияга кетасиз, ёки ўқишингиз бекор қилинади. Бу ҳақда яқинда маълум қилинди – чунки хусусий тиббиёт университетлари кўчирма талабаларни қабул қилишни тўхтатгани сабабли, талабалар алтернативасиз қолишди», дейилади ҳали расман тасдиқланмаган хабарларда.

Vaqt.uz мазкур ҳолатга изоҳ олиш мақсадида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот котиби Назокат Абдуқундузова билан боғланди. У вазият ўрганилаётганини ва қўшимча маълумотлар университетнинг расмий саҳифасида эълон қилишини маълум қилди.

Бир неча дақиқадан сўнг берилган расмий маълумотга кўра, институт раҳбарияти бу хабарларни ёлғон ва асоссиз деб баҳолади. Видео орқали мурожаат қилган талабалар халқаро ҳамкорлик доирасидаги қўшма таълим дастури бўйича ўқишга қабул қилинган. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 июлдаги 421-сон қарори асосида улар 4 ва 5-курсни Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида жойлашган Приволжск тиббиёт тадқиқот университетида (PIMU) ўқиб тугатиш мажбуриятини олган.