Ўзбекистонда корхона ва ташкилотлар сони 462,2 мингтага етди

13:00 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йил 1 август ҳолатига кўра, мамлакатдаги корхона ва ташкилотлар сони ўтган йилга нисбатан 1112 тага кўпайди.

Korxonalar soni

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, жорий йил 1 август ҳолатида Ўзбекистонда 462,2 мингта корхона ва ташкилот фаолият юритмоқда. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1 112 тага кўпдир. Фаолият кўрсатаётган субьектларнинг 392,4 мингтаси ёки 84,9 фоизи кичик корхона ва микрофирмалар ҳиссасига тўғри келади.

Ҳудудлар кесимида энг кўп корхона ва ташкилотлар Тошкент шаҳрида жойлашган — 104,2 мингта. Энг паст кўрсаткич Сирдарё вилоятида қайд этилган — 11 853 та.

Соҳалар бўйича савдо тармоғи энг катта улушга эга бўлиб, умумий ҳисобда 32,6 фоизни ташкил этади. Иккинчи ўринда саноат соҳаси (12,7 фоиз), учинчи ўринда қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги (7,4 фоиз) жой олган.

Мамлакатдаги 396,4 мингта тижорат ташкилотларидан 306,2 мингтаси ёки 77,3 фоизи масъулияти чекланган жамиятлардир. Чет эл инвестицияси иштирокида фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 16 609 тани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 2 343 тага кўпайган.

Шу жумладан, 4 094 таси қўшма корхона, 12 515 таси тўлиқ хорижий корхоналардир. Ўзбекистонда энг кўп фаолият кўрсатаётган хорижий корхоналар Хитойга тегишли бўлиб, уларнинг сони 4 250 тани ташкил қилади.

Аввалроқ, Германия капитали иштирокида фаолият юритаётган корхоналар сони 223 тага етгани ҳақида хабар берган эдик.