Россия мактабларида мигрант болалар учун ўқиш пулли бўлиши мумкин

17:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия Давлат думасига чет эллик мактаб ўқувчилари учун таълимни пулли асосга ўтказишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси киритилди.

Maktab

Россия Давлат думаси депутатлари мамлакатдаги чет элликлар учун мактаб таълимини пулли этиш ҳақидаги қонун лойиҳасини парламентга тақдим этди. РИА Новости хабарига кўра, ҳужжат Дума электрон базасида жойлаштирилган.

Лойиҳада «Россия Федерациясида таълим тўғрисида»ги федерал қонуннинг 78-моддасига ўзгартиш киритиш таклиф қилинган. Унга мувофиқ, чет эл фуқароларига мактабгача, бошланғич, асосий ва ўрта умумий, шунингдек, ўрта махсус таълимни фақат пулли асосда олиш ҳуқуқи берилади.

Пулли таълим хизматлари учун тўловлар жисмоний ёки юридик шахслар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бу тўловлар таълим муассасаси билан тузилган шартнома асосида ўрнатилади.

Лойиҳанинг изоҳ ёзувида таъкидланишича, мазкур ташаббус Россиядаги таълим тизими харажатларини оптималлаштириш ва давлат маблағларидан самарали фойдаланишга қаратилган. Шунингдек, у чет эллик ўқувчилар таълими бўйича ягона ҳуқуқий механизм яратишни мақсад қилади.

Қонун лойиҳаси ҳали Давлат думаси қўмиталари ва депутатлар томонидан муҳокама қилинади. У қабул қилинса, Россия мактабларида чет элликлар таълими шартнома асосида пулли тарзда ташкил этилади.

Аввалроқ, Россия Давлат Думасидаги «Янги одамлар» фракцияси раҳбари Алексей Нечаев бошчилигидаги депутатлар гуруҳи ҳам Россияда мигрант болалар учун пулли таълим жорий этишни таклифини берган эди.
Мигрант болаларнинг кўпчилиги рус тилини яхши билмаслиги сабабли таълим жараёнида қийинчиликлар юзага келаётгани, бу эса умумий ўқув муҳитини секинлаштираётгани айтилган.